Яқинда жуда абгор бир хонада, ночор аҳволда яшаётган аёлнинг фотосуратлари ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди.

Уйсиз қолиб, кўча-кўйда, метро станцияларида, ер ости йўлларида кун кўраётган одамлар борлигини эшитгандик, ТВ орқали кўргандик. Аммо улар фақат хорижда бўлади, деган тасаввурга эга эдик. Ўзбекистонда ҳам шундай аҳволда қолган одамлар борлиги хаёлимизга ҳам келмаган.

Биз бу оилани излаб, Хоразм вилоятининг Ҳазорасп тумани марказидан топдик. Айни пайтда эски ҳарбий қўмита биносида яшаётган бу аёлнинг турмуш тарзи билан танишдик. Бундан ташқари, унинг қўшнилари бўлмиш бошқа оилаларни қийнаётган муаммоларни, уларнинг тақдири бир-бирига ўхшашлигини аниқладик.

Воқеа 1999 йилга бориб тақалади. Ҳазорасп шаҳарчасидаги уйлардан бири бузилиб, 11та оила вақтинча яшаб туриш учун Шароф Рашидов маҳалласи, Нурли йўл кўчасидаги эски ҳарбий қўмита биносига кўчирилади. Уларга 1 – 1,5 йил ичида янги уй берилиши ваъда қилинади.

64 ёшли Шукуржон Тиллаева ваъдага ишониб, эски ҳарбий қўмита биносига кўчиб ўтганлардан бири, у 44 ёшли ўғли Рашид ва 29 ёшли ўғли Ҳамдам билан қарийб 20 йилдан бери 1 хона ва даҳлиздан иборат жойда яшамоқда.

«1999 йилда уйимиз бузилди. Ўрнига янги уй беришни ваъда қилиб, бизни мана шу эски бинога кўчириб, олиб келишди. 1 – 1,5 йилда янги уйга кўчиб ўтишимизни айтишди. Аммо, мана 20 йилдирки харобада яшаяпмиз.

Икки ўғлимни катта қилиш учун оғир кунларни бошимдан ўтказдим. Ҳозир қандли диабет билан хастаман, қон босимим ҳам юқори. Яқинда инсульт бўлдим, шундан кейин, ўрнимдан туролмай, тўшакка михланиб қолдим. Ўтириш-туришим, ейиш-ичишим, ётоғим-турарим ҳаммаси мана шу хонада.

Икки ўғлимни оилали, бола-чақали бўлишини истайман, бироқ шароит имкон бермайди. Бир пайтлар каттасини уйлантирган эдим, аммо, келин бу шароитга чидамай, кетиб қолди», - деди Шукуржон Тиллаева.

Онахоннинг катта ўғли Рашид бозорда аравакашлик қилади, кичик ўғли эса унга қараб, уйда ўтирибди. Оғир хаста онасини ёлғиз ташлаб кетолмайди, чунки у алоҳида парваришга муҳтож.

«Бозорда аравакашлик қиламан, шуни орқасидан кун кўрамиз. Топган-тутганимдан орттириб, онамнинг дорисига, даволанишига сарфлайман. Жуда ҳам оғир шароитда яшаяпмиз. Укам ишга чиқолмайди, чунки онамга қараб ўтириши керак, инсульт бўлганидан кейин, у парваришга муҳтож бўлиб қолган», - деди Рашид.