Жаҳон | 23:27 / 04.01.2019
26832
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг хавфсиз авиакомпания маълум қилинди 

Фото: Flickr / lautsu

Финляндия давлат авиакомпанияси Finnair ҳаво транспортида парвозлар хавфсизлигини ўрганиш билан шуғулланувчи немис тадқиқот маркази JACDEC талқинига кўра дунёдаги энг хавфсиз авиакомпания деб аталди.

“Рейтинг Finnair 100 та энг йирик авиакомпания ичида энг кам бахтсиз ҳодиса, парвоз хавфсизлиги билан боғлиқ воқеа ва жароҳатларга эгалигини кўрсатади”, дейилган авиакомпания хабарида. 

Янги рейтингда Finnair’га 93,91 фоизлик хатарлик индекси берилган. Бу унга Norwegian Air ва Singapore Airlines авиакомпанияларини ортда қолдиришга имкон берган. “Finnair’да 1960-йиллардан буён йирик фалокатлар ёки воқеалар, жумладан персонални ўқитиш ёки техник хизмат кўрсатиш вақтида, бўлмаган”, дейилган хабарда.

Маълум қилинишича, энг паст хавфсизлик кўрсаткичига Garuda Indonesia авиакомпанияси эга.

JACDEC рейтинги 1973 йилдан бери эълон қилиниб келинади. У дунёнинг энг йирик 100 авиакомпанияси самолётлари билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисалар ҳақидаги маълумот таҳлилига асосланган.

Finnair Финляндиянинг энг йирик авиакомпанияси бўлиб, 1923 йилда ташкил этилган. Компания акцияларининг назорат пакети давлатга тегишли. Авиакомпания 2017 йилда 12 млн кишини ўз манзилларига элтиб қўйган. Finnair Осиёнинг 19 та шаҳри, Шимолий Американинг 8 та шаҳри ва Европанинг 100 дан кўпроқ жойига рейслар амалга оширади.

Мавзуга оид