Жаҳон | 08:40 / 23.04.2026
2500
3 дақиқада ўқилади

Финландияда дунёдаги энг узун пиёдалар кўприкларидан бири очилди

Финландияда мамлакатдаги энг узун кўприк тантанали равишда очилди. Ундан ҳеч қачон автомобиль ёки мотоцикл ҳаракатланмайди.

Фото: WSP

Гап Круунувуори кўприги ҳақида кетмоқда. У ўтган дам олиш кунлари жамоатчилик учун очилди. Кўприк фақат пиёдалар, велосипедчилар ва трамвайлар учун мўлжалланган бўлиб, трамвай қатновини келаси йил бошида йўлга қўйиш режалаштирилган.

Кўприкнинг узунлиги 1,19 километрни ташкил этади. У Ҳельсинкининг шарқий орол ҳудудларини шаҳар маркази билан боғловчи Crown Bridges лойиҳасининг сўнгги қисмига айланди. Шу туфайли аҳоли табиат билан узвий боғлиқ одатий турмуш тарзидан воз кечмаган ҳолда, шаҳар марказига янада тезроқ етиб бориши мумкин бўлади.

Кўприк Круунувуоренранта тумани, Коркеасаари ороли, Лааясало тумани ва Ҳельсинки марказий қисмини боғлайди.

Лойиҳа Британиянинг Knight Architects бюроси томонидан WSP Finland муҳандислари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Иншоот вантили конструкцияга эга бўлиб, унинг пилони баландлиги 135 метрни ташкил этади. Шу билан бирга, кўприк енгил эгри шаклда қурилган: муҳандислар сўзларига кўра, бу нафақат конструктив ечим, балки маконни яхшироқ ҳис қилиш усули ҳамдир — эгилган шакл йўналишнинг якуний нуқтасини яхшироқ англашга ёрдам беради.

Лойиҳада кўплаб пухта ўйланган деталлар назарда тутилган. Пилон сутканинг вақти ва фаслга қараб рангини ўзгартирувчи LED ёритгичлар билан жиҳозланган. Махсус тўсиқлар пиёдалар ва велосипедчиларни кучли шамолдан ҳимоя қилади, трослардаги пластик элементлар эса муз тўпланишининг олдини олади — муз шунчаки тўкилиб тушади.

Кўприкни лойиҳалаш учун тахминан 100 минг соат сарфланган, унинг ҳисобий хизмат муддати эса 200 йилни ташкил этади. Бунинг учун махсус муҳандислик ечимлари қўлланган: юқори юкламаларга чидамли кучайтирилган бетон конструкциялар, боғланиш жойларида металл чарчашини камайтириш чоралари, шунингдек, денгиз муҳитида занглашдан ҳимоя қилиш учун зангламайдиган пўлатдан фойдаланилган.

Шу билан бирга, трамвай линияси қурилиши ҳам давом этмоқда. У яқин йилларда аҳолиси икки баробарга кўпайиши мумкин бўлган Лааясало тумани билан транспорт алоқасини тезлаштириши, шунингдек, Ҳельсинки метроcининг шарқий йўналишларидаги юкламани камайтириши кутилмоқда.

Кутилишича, 2027 йилга келиб ушбу кўприк орқали трамвай қатнови йўлга қўйилади ва у шаҳар марказини янги турар жой ҳудудлари билан тўғридан тўғри боғлайди.

Круунувуори аллақачон пиёдалар ҳаракати ва енгил рельсли транспортни бирлаштирган дунёдаги энг йирик кўприклардан бири деб аталмоқда. Бундай узунликка ва шундай функциялар уйғунлигига эга ўхшаш иншоотлар жуда кам.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид