Ҳужжатга кўра, лифт ва лифт хавфсизлик қурилмаларига нисбатан мувофиқликни баҳолашни амалга оширувчи органларни тайинлаш — нотификация қилиш тартиби белгиланмоқда.

Лойиҳада мувофиқликни баҳолаш органларига қатор талаблар қўйилган. Жумладан, улар Ўзбекистон резиденти бўлган юридик шахс бўлиши, сўнгги уч йилда мувофиқликни баҳолаш тажрибасига эга бўлиши ва аккредитациядан ўтган синов лабораторияларига эга бўлиши шарт.

Шунингдек, органларда лифт хавфсизлиги бўйича етарли билим ва малакага эга мутахассислар фаолият юритиши лозим.

Қоидаларга мувофиқ, тайинланган органлар беш йил муддатга гувоҳнома олади ва уларнинг фаолияти ҳар йили даврий баҳолаб борилади.

Ҳужжатда тайинлашни рад этиш, гувоҳнома амал қилишини тўхтатиш ёки бекор қилиш асослари, апелляция бериш тартиби ҳам белгилаб қўйилган.

Лойиҳага кўра, тайинланган мувофиқликни баҳолаш органлари реестри ҳам юритилади ва у очиқ маълумот сифатида расмий веб-сайтда эълон қилиб борилади.