Жаҳон | 23:19 / 07.01.2019
9550
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки президенти истеъфога чиқишини эълон қилди 

Фото: Thomas Peter / REUTERS

Жаҳон банки президенти Жим Ен Ким 1 февралдан истеъфога кетишга қарор қилди. Бу ҳақда банк сайтида маълум қилинди. Президент вазифасини вақтинчалик Кристалина Георгиева бажаради. Ҳозирда Георгиева банкнинг бош ижрочи директори ҳисобланади.

“Мен учун бу ажойиб муассасани бошқариш катта шараф эди”, деб айтган Ким. Унинг фикрича, банкда “ўта ночорликка барҳам бериш миссиясига” содиқ бўлган ходимлар ишлайди. Кимнинг айтишича, бутун дунёда ночорлар кўпаётган, иқлим ёмонлашаётган, пандемия ва очарчилик авж олаётган шароитда Жаҳон банкининг фаолияти ҳар қачонгидан муҳимроқдир.

Хабарда Кимнинг янги иш жойи маълум қилинмаган, бироқ таъкидланишича, у истеъфога кетгач ривожланаётган давлатлар инфратузилмасига инвестициялар қилиш билан шуғулланувчи компанияда фаолият юритади. 

The Guardian нашрининг банкка яқин манбаларга иқтибос келтирган ҳолда ёзишича, Ким ўз хоҳишига кўра бўшамоқда.

Ким банкка 6 йил раҳбарлик қилган. У 2017 йилда иккинчи беш йиллик муддатга қайта сайланган. Унинг ваколати 2022 йилда тугаши керак эди. Кимнинг кутилмаганда истеъфога чиқиши АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти ва АҚШнинг Жаҳон банкини назорат қилиши танқидчилари ўртасида курашнинг бошланишига туртки берди.

Касби врач-антрополог бўлган Ким банкка келгунча Дартмут коллежи президенти лавозимини эгаллаган. У, шунингдек, Гарвард университетининг тиббиёт ва жамоат соғлиғини сақлаш факультетларида ўқитувчилик қилган. Ким 2003 йилдан 2005 йилгача Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотида “ОИВ/ОИТСга қарши курашиш департаментига раҳбарлик қилган.

Мавзуга оид