Жаҳон | 00:44 / 08.01.2019
5602
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи давлатлари 49 муҳожирни қабул қилиш борасида келиша олмаяпти

Фото: Парламентская газета

Европа Иттифоқи ва Европа давлатлари ҳукуматлари Ўрта ер денгизида қутқарилган 49 муҳожирни қабул қилиш бўйича келишувга кела олмаяпти. Шу сабабли муҳожирлар 2 ҳафтадан кўпроқ вақтдан бери немис ноҳукумат ташкилотига қарашли Sea Watch кемаси бортида қолишмоқда ва портга киришга рухсатни кутишмоқда. Ноҳукумат ташкилоти твиттерда кемадаги одамлар саломатлигига путур етиши мумкинлигини қайд қилган. 

“Кема бортидаги кўпчилик овқатдан бош тортмоқда, одамларнинг руҳий ҳолати ёмонлашмоқда. Буларнинг барчаси Европа соҳилларидан бор-йўғи бир неча мил узоқликда юз бераётганига ақл бовар қилмайди”, деб айтилган хабарда.

49 киши, жумладан 10 аёл ва болалар портга киришга рухсатни кутиб, 17 кундан бери Мальта сувларида қолмоқда. Мальта муҳожирларни қабул қилишдан бош тортмоқда. Рим ҳам ноҳукумат ташкилотларининг қутқарилган муҳожирлар бўлган кемалари учун ўз портларини ёпган. Еврокомиссияда таъкидланишича, муҳожирларни қабул қилиш бўйича турли давлатлар билан музокаралар олиб борилмоқда. 

Италия ўтган ёзданоқ денгизда қутқарилган муҳожирларни қабул қилмай қўйган. 

Ҳаттоки Рим папаси Франциск Европа ҳукуматларига муҳожирлар масаласини тезроқ ҳал қилиш чақириғи билан юзланган.

Мавзуга оид