Ўзбекистон | 22:03 / 09.01.2019
13553
2 дақиқада ўқилади

Навоий кон-металлургия комбинати фаолияти самарадорлиги оширилади

Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.

Қарорда айтилишича, “Навоий КМК" ДК Лойиҳа офиси ташкил этилади ва унга қуйидаги вазифалар юкланади:

корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш ва “Навоий КМК" ДКни акциядорлик жамиятига айлантириш ишларини ташкил этиш;

молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига мувофиқ “Навоий КМК" ДКнинг молиявий ҳисоботини ўтказиш ишларини ташкил этиш;

бизнес-жараёнларни оптималлаштириш ва автоматлаштириш ҳисобига ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархини пасайтириш;

корхонанинг молиявий-иқтисодий фаолиятини, шу жумладан, молия ва харидлар соҳасида трансформацияларни амалга ошириш ҳисобига такомиллаштириш.

Шунингдек, “Навоий КМК" ДК бош директорининг биринчи ўринбосари лавозими жорий этилиб, унга қуйидаги асосий функциялар юкланади:

“Навоий КМК" ДКда корпоратив бошқарув ва молиявий менежментнинг замонавий усулларини жорий этиш, шу жумладан, инвесторлар учун молиявий ҳисоботларни ва бошқа ҳисоботларни эълон қилган ҳолда белгиланган тартибда мустақил ташқи аудит ўтказилишини ташкил этиш;

“Навоий КМК" ДК Лойиҳа офиси иши самарадорлигини ташкил этиш, унинг таркибига кўламли лойиҳаларни амалга ошириш тажрибасига эга бўлган халқаро ва маҳаллий экспертларни жалб қилиш;

халқаро молия институтларининг маблағларини жалб этиш йўли билан инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш манбаларини кенгайтириш ва диверсификациялаш, шунингдек, мамлакатимиз ва халқаро фонд бозорларида акцияларни бирламчи ва иккиламчи оммавий жойлаштиришга тайёргарлик кўриш.

Ҳужжат билан “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасининг ташкилий тузилмаси ва “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси Лойиҳа офисининг ташкилий тузилмаси тасдиқланди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид