Иқтисодиёт | 21:14 / 11.01.2019
6015
4 дақиқада ўқилади

Кичик саноат зоналари иштирокчилари учун имтиёз ва преференциялар амалдаги иштирокчилар учун 2020 йил 1 январгача сақлаб қолинади

Иқтисодий ривожланиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Президентининг фармони қабул қилинди.

Ҳужжат билан шундай тартиб ўрнатилдики, унга кўра:

·        барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шу жумладан давлат ривожланиш дастурлари ва инвестиция дастурларини якуний босқичда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан келишиш Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун киритишдан олдин амалга оширилади;

·        Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси, кичик саноат зоналари дирекциялари Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига ривожланиш давлат дастурлари ва инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларнинг, шунингдек кичик саноат зоналари ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг бажарилиши юзасидан ҳар чоракда маълумот тақдим этиб борадилар;

·        инвестиция сиёсати стратегияси ижроси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан давлат ривожланиш дастурлари ва инвестиция дастурларини тайёрлаш ва ижросини таъминлаш орқали амалга оширилади;

·        Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ўз ваколати доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилиш ёки қайта кўриб чиқиш бўйича тақдимнома киритиш ҳуқуқига эга;

·        кичик саноат зоналари ҳудудида қиймати 7 млн. АҚШ доллари эквиваленти ҳисобидан юқори бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича маъмурий кенгашлар қарорлари Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан келишилиши лозим.

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг қуйидаги таклифларига розилик берилди:

·        а) кичик саноат зоналари иштирокчилари учун имтиёз ва преференцияларни уларни амалдаги иштирокчилар учун 2020 йил 1 январгача сақлаб қолган ҳолда бекор қилиш;

·        б) кичик саноат зоналари иштирокчиларига қуйидаги ҳуқуқларни бериш:

- ўз маблағлари ҳисобига қурилган бино ва иншоотларга (ёки уларнинг қисмларига) мулк ҳуқуқини ўрнатилган тартибда расмийлаштириш;

- инвестиция ва бошқа ижтимоий мажбуриятларни тўлиқ бажарган такдирда, бироқ кичик саноат зонаси иштирокчиси мақомини олган давридан бошлаб камида 5 йил муддат ўтгандан кейин, ўзларига берилган бинолар ва иншоотларни (ёки уларнинг қисмларини) хусусийлаштириш;

- реконструкция қилиш ёки капитал таъмирлашни ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширган тақдирда, бироқ кичик саноат зонаси иштирокчиси мақомини олган давридан бошлаб камида 3 йил муддат ўтгандан кейин, бинолар ва иншоотларни (ёки уларнинг қисмларини) хусусийлаштириш.

Ҳужжат билан бино ва иншоотларни (ёки уларнинг қисмларини) реконструкция қилиш ёки капитал таъмирлаш учун кичик саноат зонаси иштирокчиси томонидан ажратилган маблағлар уларни хусусийлаштиришда ҳисобга олиниши тартиби ўрнатилди.

Баҳодир Аҳмедов
Тайёрлаган Баҳодир Аҳмедов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид