Жаҳон | 13:08 / 12.01.2019
37055
2 дақиқада ўқилади

Туркманистонда эркакларнинг ҳарбий билетлари текширилмоқда. Бунга Трампнинг баёноти сабаб бўлган бўлиши мумкин

Фото: sng.today

Туркманистонда 8 январдан бошлаб давлат муассасалари ва ташкилотларида ишлаётган барча эркаклардан кадрлар бўлимига ҳарбий билетларини зудлик билан топшириш талаб қилинмоқда. Бу ҳақда «Хроники Туркменистана» хабар берди. Мамлакат Мудофаа вазирлигидан тегишли топшириқ келиб тушган.

Ўтган кунлар давомида кадрлар бўлими раҳбарлари армияда хизмат қилган ходимлардан тасдиқловчи ҳужжатларни йиғишмоқда. Шу билан бирга, бу талабга нима сабаб эканини ҳам кадрлар бўлими бошлиқлари, ҳам давлат муассасалари раҳбарлари билмайди.

Жамоатчилик текширувларни АҚШ президенти Дональд Трампнинг қўшни Афғонистондан қўшинлар олиб чиқилиши мумкин экани ҳақидаги баёноти билан боғлаяпти.

Декабрь ойи охирида The Wall Street Journal газетаси АҚШ президенти Пентагонга Афғонистондан тахминан 7 минг америкалик ҳарбийни олиб чиқиш режасини тайёрлаш ҳақида топшириқ берганини хабар қилди. Кейинчалик, Оқ уйнинг Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот хизмати раҳбари Гарретт Марки давлат раҳбари Пентагонга тегишли буйруқ бермагани ва бундай қарор қабул қилмаганини айтди.

ТАСС агентлигининг 9 январь куни хабар беришича, Трамп маслаҳатчилари уни Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш босқичма-босқич амалга оширилиши кераклигига ишонтиришган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ОАВ АҚШнинг Афғонистон бўйича режаларини маълум қилганди.

Мавзуга оид