Ўзбекистон | 11:49 / 15.01.2019
14061
2 дақиқада ўқилади

2019 йилда кластер усулида пахта етиштиришни 52 фоизга етказиш режалаштирилмоқда

Фото: parliament.gov.uz

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан соҳа мутахассислари ва экспертларни жалб этган ҳолда ташкил қилинган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. 

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 январдаги қарорига мувофиқ, республика ҳудудларида 16 та пахта-тўқимачилик кластери ташкил қилиниб, уларга фермер хўжаликларининг қарийб 159 минг гектардан ортиқ экин майдони бириктирилди. 2019 йилда республика бўйича кластер усулида пахта етиштиришни камида 52 фоизга етказиш учун 48 та пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Йиғилишда соҳа мутахассислари ва экспертлар томонидан давлат раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда, ғалла ва мева-сабзавот кластерлари фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш, уни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, жумладан, кредит тизимини соддалаштириш, харажатларни субсидиялаш, ер ажратиш билан боғлиқ тартибларни қайта кўриб чиқиш юзасидан фикрлар билдирилди.

Уруғчиликда асл навларни яратиш мақсадида тажриба-селекция ишларини тубдан ривожлантириш, уруғчилик ва селекция билан шуғулланадиган институтларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, давлат-хусусий шериклик асосида уруғчилик кластерларини ташкил қилиш юзасидан Фанлар академияси олим-мутахассисларининг фикр ва таклифлари эшитилди.

Йиғилишда долзарб вазифалардан бири саналган қишлоқ хўжалигида сувни тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, қишлоқ хўжалиги мақсадларида кўп тармоқли фермер хўжаликларига ер бериш тизимини қайта кўриб чиқиш бўйича масалалар муҳокама этилди.

Мавзуга оид