Ўзбекистон | 20:58
3600
6 дақиқада ўқилади

Human Rights Watch Ўзбекистон ҳукуматини фермерларга эркинлик беришга чақирди

Human Rights Watch халқаро нодавлат ташкилоти ва Инсон ҳуқуқлари ўзбек форуми “Фермерларда эркинлик йўқ” номли ҳисобот эълон қилди. 2026 йил 17 феврал куни тақдим этилган доклад қарийб 120 саҳифадан иборат бўлиб, унда Ўзбекистонда пахта ва ғалла етиштирувчи фермерларга нисбатан кузатилаётган тазйиқ ва эксплуатация ҳолатлари ёритилган.

Фото: Kun.uz

Ҳуқуқ фаоллари ҳисоботни тайёрлашда 2023 йил октябр ойидан 2025 йил декабригача бўлган даврда фермерлар ва экспертлар билан ўтказилган ўнлаб интервюлар, суд материаллари, қонунчилик ҳужжатлари, ОАВдаги мақолалар, ижтимоий тармоқлардаги постлар ва расмийларнинг баёнотларига таянганини маълум қилган.

“Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати пахта теримида давлат томонидан жорий этилган мажбурий меҳнатга барҳам берди ва қишлоқ хўжалигини кенг ислоҳ қилишга киришди. Ҳукумат соҳадаги бир қатор муаммоларга ечим топиш мақсадида жорий ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган, 2020-2030 йилларга мўлжалланган қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини, шунингдек, янги қонунлар ва қарорларни қабул қилди.

Салмоқли ютуқларга эришилган бўлишига қарамай, Ўзбекистон ҳукумати пахта ва ғалла етиштиришда жиддий ва мажбурловчи давлат назоратини амалга оширишда давом этмоқда, қолаверса, пахта ва ғалла етиштирувчи фермерларнинг меҳнат ва инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини таъминлай олмаяпти”, – дейилади ҳисоботда.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда стратегик экинларни етиштиришнинг ҳозирги тизимида фермерлар давлатдан ижарага олинган ерда давлат билан келишилган турдаги экинни белгилаб қўйилган миқдорларда етиштириши ва белгилаб қўйилган нархларда сотиши керак, бунда улар режани бажара олиш ёки бажаролмаслигидан қатъи назар, шунингдек, режани бажариш уларга боғлиқ бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, катта молиявий хатар остида қолишади.

“Фермерларнинг мавқейи жуда заиф, улар таҳдидга учраши, ҳақоратланиши ва бошқа ноқонуний мажбурлов чораларига дуч келиши мумкин. Қолаверса, тизим уларнинг мустақил фаолият юритишига ёки ўз ишлаш шарт-шароитларини ўзлари назорат қилишига йўл қўймасдан, амалда давлатга бўйсуниб, худди давлатнинг ходимидек ишлашга мажбур қилади”, – дея қайд этган ҳуқуқ ҳимоячилари.

Докладда келтирилишича, хоразмлик фермерлардан бири 2025 йил ноябр ойидаги вазиятини қуйидагича тасвирлаган: “Биз ер эгалари эмас, худди бировнинг ёлланма ишчиларидекмиз”.

Фарғона вилоятидан бошқа бир фермер эса ҳолатни “бошлиқлар кўп” дея тасвирлаган. “Фермернинг ишига ҳамма аралашади. Ички ишлар ҳам, прокуратура ҳам”, деган у.

Кузатувчиларга кўра, ҳокимият органлари режани бажармаган фермерларга таҳдид ва зўравонлик қўллаб, ерларни тортиб олиши мумкин. Фермерлар пахта-тўқимачилик ва буғдой корхоналари томонидан тўловларнинг кечиктирилиши ёки умуман тўланмаслигига дуч келмоқда, ҳокимият органлари эса фермернинг манфаатида чиқарилган суд қарорларининг ижросини таъминламаяпти. Бу эса фермерларни оғир молиявий аҳволга солиб қўяди.

“Ҳукумат томонидан ерни тортиб олишга қарши судга даъво аризаси билан мурожаат қилган фермерлар Ўзбекистон судларида камдан кам ҳолларда адолат топа олади. Топган тақдирда ҳам, маҳаллий амалдорлар ерни фермерга қайтариш тўғрисидаги қарорларни деярли ижро этмайди”, – дейилади халқаро ташкилот докладида.

“Судя ҳокимнинг айтганини қилади. Ер масаласида суд ёрдам бера олмайди”, деган ери тортиб олинган деҳқонлардан бири.

“Фермерлар маҳаллий амалдорлар билан учрашувларда калтак егани ёки уларга нарсалар улоқтирилганини айтишди. Амалдорлар фермерларни пахта ёки буғдой режасини бажармаган учун “эшак”, “исқирт” ёки “чўчқа” деб ҳақоратлаган. Айрим оғирроқ ҳолатларда ички ишлар ходимлари режани бажармагани учун фермерларни ҳеч қандай айбловсиз, ўзбошимчалик билан бир неча кунгача ҳибсга олган”, – дейилади ҳисоботда.

Human Rights Wаtch ва Инсон ҳуқуқлари ўзбек форуми фермерларнинг ҳуқуқлари поймол бўлаётганини ёритган маҳаллий блогерларга ички ишлар ходимлари таҳдид қилгани ёки уларни ҳибсга олгани, кейин эса судлар уларга қисқа муддатли қамоқ жазоси берганини бир неча марта қайд этган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳисобот муаллифлари йўллаган саволларга жавоб бериб, фермерлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлайдиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ва янги фармонларни кўрсатиб ўтган.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари қонунчиликдаги ана шу янги ўзгаришларни амалда ҳам таъминлашга чақирмоқда.

“Ҳукумат пахта ва буғдой фермерларининг ўта адолатсиз ва эксплуатацион меҳнат шароитларини амалда бартараф этишни кафолатлаши лозим, жумладан режа тизимини бекор қилиш орқали. Ҳукумат, шунингдек, фермерларни қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар бўйича сиёсий муҳокамаларга жалб қилиши ва уларнинг фикр-мулоҳазалари ҳамда тавсияларини жиддий кўриб чиқиши лозим”, дейди Human Rights Wаtch ва Ўзбек форуми.

Ҳисоботдан Европа Иттифоқи, халқаро молия институтлари ва Ўзбекистон билан манфаатдор инвесторларга қаратилган чақириқлар ҳам жой олган. Хусусан, Human Rights Wаtch'нинг Марказий Осиё бўйича маслаҳатчиси Мира Риттманн Ўзбекистоннинг ташқи ҳамкорларига юзланаркан, “Ўзбекистон пахта ва буғдой фермерларининг бундай эксплуатацион ва мажбурловчи шароитларда ишлаши даҳшатли”, дея таъкидлаган.

“Ўзбекистоннинг ҳамкорлари, халқаро молия институтлари ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги потенциал инвесторлар Ўзбекистон ҳукумати фермерлар ва уларнинг ҳуқуқларини ҳақиқатан ҳам ҳимоя қиладиган ислоҳотларни амалга ошириши учун ўз таъсир кучидан фойдаланишлари керак”, деган Мира Риттманн.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев

Мавзуга оид