Каримов Фонди Ўзбекистон Қуролли Кучларини ташкил этиш ва уларнинг мустақиллик илк йилларида Ўзбекистон аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлашдаги роли ҳақида қатор янги фактларни эълон қилди.

«Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ўз армиясига эга эмас эди. Мамлакат ҳудудида СССРнинг бир неча республикасини қамраб олган Туркистон ҳарбий округининг ҳарбий қисмлари жойлашган эди. Ўша кезлар жанговар бўлинмалар – бир республикада, қўшин таъминоти ва омборлар эса бошқасида жойлашган бўлар эди. Бошқача айтганда, бир республика ҳудудида яхлит ҳарбий тузилма мавжуд эмас эди», - дейилади хабарда.

Мамлакатнинг ён-атрофида, хусусан, Тожикистон ва Афғонистонда рўй бераётган хавотирли жараёнлар Ўзбекистоннинг мудофаа қобилиятини таъминлаш масалаларини ҳал этиш борасида шошилинч чоралар кўришни талаб этар эди.

«Шу боис, 1991 йил охирида бўлиб ўтган сайловда ғалаба қозонганидан кейиноқ Президент Ислом Каримов Ўзбекистоннинг миллий Қуролли Кучларини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилди», - деб ёзади Каримов Фонди.

Олий Кенгашнинг 1992 йил 14 январда ўтган сессиясида Ислом Каримов ташаббуси билан Ўзбекистон ҳудудида жойлашган барча қуруқликдаги қўшинлар қисмларини республика юрисдикциясига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

«Эртанги кун ҳақида қайғурадиган чинакам етакчи сифатида Президент Каримов 1992 йил 7 февраль куни Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги барча кўчар ҳамда кўчмас мулклар хусусийлаштириш ва давлат тасарруфидан чиқариш жараёнига жалб этилмаслиги тўғрисида буйруқ берди. Айни шу фармон билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан қурол-аслаҳа, техника ва асбоб-ускуналарни олиб чиқиб кетиш ҳам тақиқланди.

Ушбу дадил чора-тадбирлар туфайли мамлакатимиз ҳарбий-транспорт авиацияси, жумладан, ҳозирга қадар сафда бўлган айрим самолётлар сақлаб қолинди.

Қайд этиш жоизки, собиқ СССР республикалари орасида ўн йиллар давомида шаклланган хўжалик алоқалари узилиши оқибатида истиқлол тонгида Ўзбекистонда жуда мураккаб иқтисодий ҳолат вужудга келган эди. Республикамизнинг географик жойлашуви эса вазиятни янада мушкуллаштирган эди (на тараққий этган мамлакатларга, на денгиз портларига эркин чиқиш йўли мавжуд эди, бунинг учун камида икки давлат чегарасини кесиб ўтиш талаб этилар эди)», - дея таъкидлайди Фонд.