Ўзбекистон | 19:56 / 02.01.2024
25658
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Қуролли Кучларни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди 

Унда қўшинларнинг жанговар шайлиги ва жанговар қобилиятини янада ошириш масалалари муҳокама қилинди. 

Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2 январ куни мудофаа қурилиши ва Қуролли Кучларини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. 

Йиғилишда қўшинларнинг жанговар шайлиги ва жанговар қобилиятини янада ошириш, уларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, мавжуд қурол-яроғ намуналарини модернизация қилиш, шунингдек, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва Қуролли Кучлар фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди. 

Қўшинларнинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлиги, бошқарув органлари, бирлашмалар, қўшилма ва қисмлар, олий ҳарбий таълим муассасаларининг фаолият самарадорлигини ошириш бўйича бажарилган ишлар юзасидан мудофаа вазирининг ҳисоботи тингланди. 

Қайд қилинишича, ҳисобот даврида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тайёрлаш мақсадида маҳаллаларда 24 мингдан ортиқ тадбир ўтказилди, «Жасорат мактаблари»даги ўқув йиғинларига 5 минг нафардан зиёд ёшлар жалб қилинди. Жами 580 дан ортиқ тезкор-жанговар тайёргарлик тадбирлари ўтказилди, уларда Қуролли Кучларнинг 35 мингдан зиёд ҳарбий хизматчилари иштирок этди. 

Йиғилишда миллий армияни замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий-техник мулк билан таъминлаш, ҳарбий саноат мажмуасини такомиллаштириш ишларини давом эттириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. 

14 январ куни нишонланадиган Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 32 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрам тадбирларини юксак савияда тайёрлаш ва ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. 

Йиғилиш якунида давлат раҳбари томонидан Қуролли Кучлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини юксалтириш бўйича қатор топшириқлар берилди.

Мавзуга оид