Мексиканинг собиқ президенти “Пакана” лақабли наркобарондан пора олганликда айбланди
Мексиканинг собиқ президенти Энрике Пенья Ньето “Пакана” лақабли наркобарон Хоакин Гусман Лоэрадан 100 млн доллар пора олишда айбланди. Aristegui Noticias порталининг маълум қилишича, бундай айблов Нью-Йоркда “Пакана” устидан олиб борилаётган суд жараёнида колумбиялик гиёҳвандфуруш Алекс Сифуэнтес томонидан билдирилган.
Сифуэнтеснинг айтишича, бу пуллар Пенья Ньетога унинг 2012 йилда Мексика президенти лавозимига киришишидан бир неча ой олдин берилган.
Айнан Пенья Ньето президентлиги вақтида “Пакана” икки марта қўлга олиниб, охир натижада АҚШга экстрадиция қилинган. Пенья Ньето наркобароннинг ушланишини ҳукуматининг муваффақиятлари қаторига киритган.
2018 йилда “Пакана”нинг адвокати Жеффри Лихтман унинг мижози Мексиканинг икки президентига пул тўлагани, “Синалоа” наркокартелининг ҳақиқий етакчиси у эмас, балки Исмаэль Самбада бўлганини айтган. Мексиканинг собиқ президентлари Фелипе Кальдерон (2006-2012 йиллар) ва Энрике Пенья Ньето (2012-2018 йиллар) бу айбловларни рад этишган.
Кальдерон вақтида Мексикада наркомафияга қарши ҳақиқий уруш бошланган. Пенья Ньето вақтида эса “Пакана” икки марта қўлга олинган. Дастлаб у 2014 йилда Масатлан шаҳрида ушланган, бироқ 2015 йилда турмадан ер ости туннели орқали қочишга муваффақ бўлган. 2016 йил январда махсус операция натижасида Лос-Мочис шаҳрида ушланиб, АҚШга экстрадиция қилинган.
Мавзуга оид
21:03 / 29.10.2024
Аспирант тасодифан Мексика жунглиларида йўқолган шаҳарни топди
14:10 / 21.10.2024
Мексика ҲДК саккиз тоннадан ортиқ наркотикни мусодара қилди
20:19 / 07.10.2024
Мексикада лавозимига тайинланганига 6 кун бўлган мэр ўлдириб кетилди
00:24 / 02.10.2024