Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон учун энг керакли ислоҳот ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва адолат тизимини йўлга қўйиш – мутахассис
Ёмон иқтисодиётга эга мамлакатларда аҳолининг иқтисодий тушунчалари баланд бўлиши мумкин. Аксинча, ривожланган давлатларда жамиятнинг иқтисодий саводхонлиги паст бўлиши кузатилган. Аммо Ўзбекистон шароитида, биз иқтисодиёт тўғрисида билимларимизни янгилаб, у ҳақда аниқ тасаввурга эга бўлишимиз зарур.
Шу боис, Сингапурдаги Наньян технологиялар университети бакалаври, АҚШнинг Висконсин университети докторанти, 2016 йилнинг май ойидан эътиборан, Вейнарт ишбилармонлик марказида тадқиқотчи сифатида ишлаб келаётган Беҳзод Ҳошимов билан суҳбатлашдик.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
Сизда АҚШ ва Ўзбекистон иқтисодиётини солиштириш имконияти пайдо бўлди. Иқтисодиёт ҳақидаги тушунчалар бу икки жамиятда ҳар хилми, қай даражада ривожланган?
Албатта, бир хил эмас.Жамиятнинг ривожланганлик кўрсаткичлари юқори бўлган жамиятда иқтисодиёт ҳақидаги тушунчаларнинг даражаси ҳам шунга мос бўлади. Бу эса иқтисодиёт фанининг ўқитилиши билан боғлиқ, деб ўйлайман.
Масалан, АҚШда тахминан 50-65 фоиз бакалавр талабалари факультет йўналишидан қатъий назар иқтисодиёт асослари фанини ўтишади. Иқтисодиёт фанини ўрганиш сал хавфли, чунки уни бошлагандан кейин орқага қадам йўқ. Негаки иқтисоддан бохабар одам иқтисодга ёт ғояларни эшитса, бунинг мутлақо нотўғри эканлигини тушунади. Илмга асосланмаган ғояларга улар ишонмайди. У ерда 50-60 фоиз одам иқтисод ҳақида тушунчага эга. Демак, улар, мисол учун, Оқ уй маъмурияти томонидан иқтисодиётга қўйилаётган чекловларнинг нотўғри эканлигини билишади. Бундай чекловларга мамлакатдаги ўнгчилар ҳам сўлчилар ҳам бирдек норозилик билдирганлиги мисолида ҳам буни кўриш мумкин.

Иқтисодиёт ҳақидаги тушунчаларга эга бўлиш билан иш битадими? Яъни АҚШ аҳолиси иқтисодиёт назариясини билгани учун ҳам турмуши шу даражага етди, деб айта оламизми?
Йўқ, бундай эмас. Мисол учун, Аргентинада иқтисодчи бўлиш рок юлдузи бўлиб, машҳурликка эришишдек гап. Лекин у ерда иқтисодиёт яхши ривожланмаган. Менимча, ёмон иқтисодиётга эга бўлган мамлакатда ҳам одамлар бу борада яхши тушунчага эга бўлиши мумкин. Масалан, автомобилингиз тез-тез бузилса, уни қандай таъмирлаш, тузатиш ҳақида кўникмага эга бўлиб борасиз. Агар автомобилда ҳеч қандай муаммо бўлмаса, унинг ҳолати билан қизиқмайсиз. Худди шундай иқтисодиёти зўр ривожланган Сингапур каби давлатларда кишиларнинг иқтисодий тушунчалари зўр деб айтиш қийин.
Ўзбекистонда одамларнинг иқтисодий билимлари яхшиланса, турли ғояларга нисбатан иммунитет ҳосил бўлади. Чунки билимлари билан қиёслаб, ғоянинг мантиқсиз эканлигини англай олади. Хуллас, ҳамма иқтисодни тушунса, соҳа ривожланиб кетади дегани эмас, ўз навбатида, одамлар тушунмаса ҳам иқтисодиёт ривожланмаслиги эҳтимоли юқори бўлади.
Инвестиция ҳақида гап кетганда, ўз-ўзидан мамлакат Солиқ ва Божхона кодекси асосий ҳужжат сифатида қарала бошланади...
Конституция мисолида бўлгани сингари турли мамлакатларнинг Солиқ ва Божхона кодекслари ҳам мазмунан бир-бирига ўхшаш. Шунга қарамай, мамлакатларда қонун ишлаши бир хил эмас. Иқтисодчилар орасида шундай гап бор: ривожланган ва ривожланмаган давлатлар ўртасидаги тафовут уларнинг формал ва формаллашмаган институтлари ўртасидаги фарқда. Яъни, масалан, қонунда белгилаб қўйилган тартибга амалда ҳеч ким риоя қилмаслиги мумкин. Қонуниятнинг моҳияти қонун ва реал ҳаётнинг бир-бирига яқин бўлишидадир. Шунинг учун биз АҚШ кодексини ўзимизга олиб келиб қўйганимиз билан ҳеч нарса ўзгармайди.

Инвестор Солиқ кодексининг мазмуни билан эмас, солиқ маъмуриятининг қандай ишлаши билан, ўз ҳақ-ҳуқуқи қандай муҳофаза қилиниши билан қизиқади. Ҳуқуқ яхши муҳофаза қилинадиган давлатларда маъмурият бу муҳофаза учун кафолат бермайди. Бундай маъмурий кафолат бўлишининг ўзи муҳофазанинг йўқлигидан далолат беради. Мисол учун, Африкага инвестор бўлиб борсангиз, вазир сизнинг ҳуқуқларингизга кафил бўлса, бу нотўғри. Ривожланган мамлакатларда инсон кафил бўлиши керак эмас. Қонун кафил бўлиши керак. Инвесторни икки нарса қизиқтиради – пул тиксам, қайтариб ола биламанми ва иш фаолиятим давомида қонундан ташқари ҳолатлар менга халал бермайдими, деган саволлар.
Қонун амалда ҳам ишласа, шу энг муҳими. Қоғозда нима ёзилгани эмас, унинг қандай ишлаётганлиги аҳамиятли. Кодексларда ёзиладиган рақамлар, фоизлар ҳам биз ўйлаганчалик муҳим эмас. АҚШ иқтисодиёти ривожланган бўлса-да унинг Солиқ кодексини мукаммал деб айтиб бўлмасди. Буни америкалик иқтисодчиларнинг ўзи ҳам тасдиқлайди.Лекин уларда қонун ишлайди, инсон ҳуқуқлари ҳимояланади. Лекин Ўзбекистондаги сингари юқори божхона бадаллари дунё мамлакатларида кам учрайди.
2019 йил Ўзбекистонда Фаол инвестицияларни жалб қилиш ва ижтимоий ривожланиш йили деб эълон қилинди. Бу йилда эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳатлар, ҳал қилиниши керак бўлган масалалар нималар деб ўйлайсиз?

Фикримча, Ўзбекистон учун энг керакли ислоҳот ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва адолат тизимини йўлга қўйиш. Биз юқори малакали ва мустақил маҳкама – суд тизимига эга бўлишимиз керак.
Ривожланган, лекин суд тизими ёмон бўлган мамлакатни тополмайсиз. Бунинг учун катта сиёсий ирода керак, лекин бу шарт нарса. Суд тизимини яхши йўлга қўйсангиз, инвестор келиши муқаррар, яхши йўлга қўймасангиз, келмаслиги ҳам муқаррар.
Дунё мамлакатларининг 98 фоизи савдо ташкилотида. Биз эса ўша қолган икки фоизнинг ичидамиз. Чунки савдо ташкилотининг ўзига яраша талаблари бор. Аксарият бадаллар нолга яқин.
Бунда суд тизимининг роли муҳим.30 миллиондан ортиқ аҳолимиз бор. Лекин ялпи ички маҳсулоти 1200 доллар киши бошига. Қозоғистонда бу кўрсаткич киши бошига 8 минг. Тўғри, пайпоқ ишлаб чиқаришда биз катта бозордирмиз. Лекин ихтиёрий рақамга эга йўналишларда Ўзбекистон кичик бозор саналади. Мисол учун, Висконсе штатида 5 миллион киши яшайди. Лекин у ерда ЯИМ кўрсаткичи Ўзбекистонникидан юқорироқ. Тадбиркор учун каллалар сони эмас, чўнтакларнинг чуқурлик даражаси муҳим. 10 миллионли жуда бой одамга маҳсулот сотиш 30 миллиондан ортиқ ўрта даромадли аҳолига нарса сотишдан кўра манфаатлироқ.

Инвесторлар тўсиқлар туфайли келмаслиги муқаррар. Чунки тўсиқлар эртами-кечми барибир бир кун олинади.
Чет элда 30 йилдан кейин фойда келтирадиган бизнес самарали ҳисобланади. Бизда эса 2 йилдан кейин фойда беришни бошламаса, унга истиқболи йўқ деб қаралади. Сиёсат билан боғлиқ бўлган бизнесга катта инвесторлар қизиқмайди. Катта инвестицион институтлар Ўзбекистондаги бизнес муҳитига ҳали ишонч кўзи билан қарамайди.
Ўзбекистонда ер масаласи анча муаммоли ҳисобланади. Иморатларнинг қурилиши, яна бузилиши, фермерларнинг кластерларга киритилиши... Ерга хусусий эгалик шаклига ўтилгандан кейин бу масалага барҳам бериладими?
Ўзбекистонда ер давлатга қарашли, ундан фойдаланишга рухсат берилади, лекин унинг устида қурилган объект сизнинг шахсий мулкингиз. Бизда одамлардан ерни олиб, биносини бузиб, бошқа нарса қуриш одатий ҳол бўлиб қолган. Ер давлатники бўладими, фермерники бўладими, агар давлат ҳозиргидек ерни олиб қўйиш ҳуқуқига эга бўлса, хусусийлик шаклига ўтилгани билан ҳеч нарса ўзгармайди. Ўз навбатида, ер давлат тасарруфида қолса-ю, суд тизими аъло даражада ишласа, инсон ҳуқуқлари муҳофазаланса, ер кимга қарашли эканлигининг аҳамияти йўқ. Бу ҳақда Telegram-каналимда ҳам ёзгандим.
Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди
Мавзуга оид
15:58 / 21.04.2026
“Шаҳарлашув даражаси пастлиги – Ўзбекистоннинг очилмаган потенциали” — Беҳзод Ҳошимов
17:06 / 18.04.2026
Эрон уруши таъсири ва нақдсиз тўлов мантиқсизликлари — Беҳзод Ҳошимов билан суҳбат
07:37 / 22.01.2026
25 йилда катта бурилиш: энг йирик иқтисодиётлар рейтинги янгиланди
11:40 / 24.07.2025