Ўзбекистон | 15:58
965
3 дақиқада ўқилади

“Шаҳарлашув даражаси пастлиги – Ўзбекистоннинг очилмаган потенциали” — Беҳзод Ҳошимов

Шаҳарлашув – Ўзбекистон иқтисодий тараққиётининг асосий драйвери бўла олади. 10-15 миллион аҳолимиз қишлоқлардан шаҳарларга кўчиши керак. Мен буни мамлакатимизнинг ҳали очилмаган улкан салоҳияти сифатида кўраман, дейди иқтисодчи.

Ўзбекистонда охирги йиллардаги юқори иқтисодий ўсишда – 2018-2019 йиллардаги ислоҳотлар, хусусан прописка чекловларининг олиб ташланиши муҳим ўрин тутади. Бу ҳақда Ню Йорк университети профессори, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Kun.uz’га берган интервюсида айтиб ўтди.

“Бугунги фаровонлигимиз – ўша йилларда қилинган ислоҳотлар натижаси. Тошкентда прописка очилиши миллиардлаб доллар қиймат яратди. Минглаб, балки миллионлаб одамлар пойтахтга келиб, даромадини оширди”, – деди у.

Ҳошимовга кўра, ислоҳотлар бу билан тўхтаб қолмаслиги керак. Чунки шаҳарлар иқтисодий ўсиш ва бойликнинг энг муҳим манбаси ҳисобланади.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳанузгача етарлича шаҳарлашмаган мамлакат бўлиб қолмоқда. Аҳолининг катта қисми қишлоқларда яшайди, ҳолбуки замонавий қишлоқ хўжалигида аввалгидек кўп ишчи кучига эҳтиёж йўқ.

Профессор ривожланган давлатларни мисол қилиб келтирди. Унинг айтишича, АҚШ – дунёдаги энг йирик қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилардан бири бўлса-да, аҳолининг 2 фоизидан камроғи бу соҳада ишлайди. Данияда эса қишлоқ хўжалигида бандлар улуши 1 фоиздан ҳам кам.

“Бугунги қишлоқ хўжалиги автоматлаштирилган. Экин экиш, ҳосил йиғиш, парваришлаш ишларини техника ва роботлар бажаради. Эски даврдагидек кўп қўл меҳнати талаб қилинмайди. Шаҳарларда эса хизматлар соҳаси учун ишчи кучи керак”, – дейди у.

Ҳошимовнинг фикрича, иқтисодий бойлик манбайи – қишлоқ аҳолисининг шаҳарларга кўчиб, хизмат кўрсатиш ва саноат тармоқларида ишлашидир. Бу жараён ҳар бир фуқаронинг даромадини оширади.

У Хитой тажрибасини мисол қилиб, мамлакатнинг кескин бойишида урбанизация ҳал қилувчи рол ўйнаганини қайд этди.

Иқтисодчи Қозоғистон билан солиштирганда ҳам Ўзбекистонда урбанизация даражаси пастлигини айтиб, бу – катта очилмаган салоҳият эканини таъкидлади.

“Бизда қишлоқда паст самарадорликда ишлаётган миллионлаб одамлар бор. Агар улар шаҳарларда хизмат кўрсатиш ёки ишлаб чиқаришга ўтса, дарҳол бойийди. Шу сабабли уларга шаҳарлар қуриш, шароит яратиш керак”, – дейди Беҳзод Ҳошимов.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид