Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга ташрифи якунланди. Президент Тошкентга жўнаб кетди
Президент Шавкат Мирзиёев 17-18 январь кунлари амалий ташриф билан Ҳиндистонда бўлди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
Давлат раҳбари Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан музокара ўтказди. Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси президентининг ўтган йили октябрь ойидаги Ҳиндистонга давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувлар ва имзоланган битимларнинг амалий ижроси билан боғлиқ масалалар, шунингдек Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилган.
Давлат раҳбарлари ахборот-коммуникация технологиялари, соғлиқни сақлаш, фармацевтика тармоғи, заргарлик саноати, қишлоқ хўжалиги, сайёҳлик инфратузилмасини модернизация қилиш ва бошқа йўналишлардаги устувор лойиҳалар ва ҳамкорлик дастурлари амалий ижросини жадаллаштириш заруриятини қайд этди.
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни фаол ривожлантириш йўлида қатъий эканликларини тасдиқладилар.
Шунингдек, президент “Жўшқин Гужарат” халқаро саммитида иштирок этди. У Гужарат штати қадимдан савдо ва тадбиркорликда етакчи ҳудуд бўлиб келгани, мазкур саммит ана шу анъаналарни давом эттириб, замонавий Ҳиндистоннинг бизнес руҳини намоён қилаётганини таъкидлади.
Давлат раҳбари Ҳиндистон билан узоқ муддатли стратегик шерикликни мустаҳкамлаш - Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида қайд этиб, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш учун қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.
Давлат раҳбари информацион технологиялар, дастурий таъминот, қишлоқ хўжалиги, қайта тикланадиган энергия ҳамда ушбу соҳалар мутахассисларини тайёрлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишни таклиф этди. Бу бўйича дастлабки ҳаракатлар бошланган, Тошкент шаҳрида қўшма технопарк ташкил этилади.
Сармоядорларни Ўзбекистонга жалб қилиш учун энг қулай шароитлар яратилишини алоҳида қайд этди.
Давлат раҳбари 2020 йилда Ҳиндистонда «Ўзбекистон маданияти йили»ни ҳамда Ўзбекистонда «Ҳиндистон маданияти йили»ни ўтказиш, жорий йилда юртимизда ўзбек-ҳинд Ёшлар фестивалини ташкил қилишни таклиф этди.
Президент Ҳиндистонга ташрифни якунлаб, Тошкентга жўнаб кетди, дейилади хабарда.
Мавзуга оид
20:33 / 07.11.2024
Ҳиндистонда уч кун ичида 10 та фил нобуд бўлди
01:52 / 07.11.2024
Кашмир Ҳиндистонни махсус автономия мақомини тиклашга чақирувчи резолюцияни қабул қилди
11:56 / 06.11.2024
Инсон матонати: 22 йил давомида тоғни йўниб йўл очган одам
17:51 / 05.11.2024