Жаҳон архитектураси пойтахти эълон қилинди
ЮНEСКО, Меъморлар халқаро иттифоқи (UIA) билан биргаликда, Рио-де-Жанейро (Бразилия) 2020 йилда жаҳон архитектураси пойтахти бўлишини эълон қилди. Ташкилотнинг веб-сайтида чоп этилган ҳисоботда жаҳон архитектураси пойтахтини танлаш ташаббуси ЮНEСКО ва UIA'нинг шаҳар муҳитида архитектура меросини сақлаб қолишга бўлган умумий интилишидан келиб чиққани таъкидланган.
«Ўтказилажак турли тадбирлар туфайли, жаҳон меъморчилиги янги пойтахти – Рио-де-Жанейро шаҳарларнинг барқарор ривожланиш дастури доирасида архитектура ва маданият муҳим рол ўйнашини намойиш эта олади», – дейди ЮНEСКОнинг маданият бўйича бош директорининг ўринбосари Эрнесто Оттоне.
ЮНEСКО хабарига кўра, ташкилотнинг шериклик шартномаси ва меъморлар уюшмасига мувофиқ, ҳар уч йилда ўтказилиши белгиланган UIA'нинг Жаҳон Конгресси Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтади, шунингдек, хавфсизликни мустаҳкамлаш ва барқарор шаҳар ривожланишини таъминлашга қаратилган саралама тадбирлар ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
«Жаҳон меъморчилиги пойтахти бугунги глобал муаммоларни маданият, маданий мерос ва шаҳарсозлик нуқтаи назаридан муҳокама қилиш учун халқаро майдонга айланиши мўлжалланган», – дейилади ЮНEСКО хабарида.
Ўзбекистонда эса ЮНЕСКО билан ишлар жуда яхши эмас. 2018 йили Шаҳрисабз тарихий марказининг ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатидан чиқарилиши ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси қўмитаси (УМҚ)нинг 42-сессиясида фавқулодда муҳокама этилганди.
Ўшанда Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари қўмита аъзоларига Ўзбекистон ҳукумати маданий меросни сақлаб қолиш учун «йўл харитаси»,шунингдек ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда Халқаро маслаҳатчи экспертлар гуруҳини тузиш режалари ҳақида гапирган. Узоқ муҳокамалардан сўнг, Шаҳрисабз рўйхатда қолиши маълум қилинди.
Маълумот учун, Ўзбекистон БМТнинг Таълим, фан ва маданият бўйича ташкилоти – ЮНЕСКОга 1993 йил 26 октябрда аъзо сифатида қабул қилинган. Шу кунга қадар, мамлакат ҳудудидаги 4та тарихий-маданий қийматга эга марказлар – Ичан қалъа, Шаҳрисабзнинг тарихий маркази, Самарқанд, Бухоронинг тарихий маркази ЮНЕСКО алоҳида рўйхатига олинган. Шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон умумий чегарасида жойлашган Тянь-Шань табиат маскани ушбу рўйхатга киритилган.
Мавзуга оид
12:25 / 26.03.2024
Сталиннинг “опа-сингиллари” АҚШдан илҳомланганми?
14:22 / 15.01.2024
Рио-де-Жанейрода кучли ёғингарчилик оқибатида камида 11 киши ҳалок бўлди
14:31 / 02.04.2023
Трансформер, ДНК ва денгиз сатҳидан 660 метр баландда — дунёнинг ноодатий кўприклари (фотожамланма)
14:17 / 09.11.2022