Жаҳон | 08:36 / 28.05.2026
1989
3 дақиқада ўқилади

XX аср осмонўпар бинолари: архитектурадаги буюк рақобат

1909 йилда Нью-Йоркдаги Metropolitan Life минораси 213 метр баландликка эришиб, дунёдаги энг баланд бино мақомини олган эди. Орадан бир аср ўтиб, Дубайдаги Burj Khalifa 828 метр баландликка чиқди — бу аввалги рекордчидан қарийб тўрт баравар баланд.

Фото: iStock

Visual Capitalist тайёрлаган инфографикада 1909 йилдан буён дунёдаги энг баланд осмонўпар бино унвонини олган иншоотлар тарихи акс эттирилган. Маълумотлар Баланд бинолар ва шаҳар муҳити кенгаши (CTBUH) маълумотларига асосланган.

Ташкилот методологиясига кўра, фақат тўлиқ қаватларга эга бинолар ҳисобга олинади. Шу сабабли Торонто шаҳридаги CN Tower ёки Лас-Вегасдаги “Стратосфера” минораси каби иншоотлар рейтингга киритилмаган. Бино баландлиги архитектуравий чўққигача — яъни шпиллар билан бирга ҳисобланади, аммо антенна ва бошқа техник қурилмалар инобатга олинмайди.

XX асрнинг катта қисмида дунёдаги энг баланд бинолар АҚШда жойлашган эди. Айниқса, Нью-Йорк 1909 йилдан 1972 йилгача кетма-кет архитектура рекордлари марказига айланган.

1909 йилда Metropolitan Life 213 метр баландликка чиққан бўлса, бир неча йилдан кейин уни 241 метрли Woolworth Building ортда қолдирди. 1920-йиллар охирига келиб эса 319 метр баландликдаги Chrysler Building янги рекорд ўрнатди.

1930 йилда фойдаланишга топширилган Chrysler Building дунёдаги биринчи “ўта баланд” осмонўпар бино сифатида тарихга кирди. Унинг қурилиши пайтида Нью-Йоркда девелоперлар ўртасида ҳақиқий “баландлик пойгаси” кечган. Бино ичида яширинча йиғилган 38 метрли шпиль рақобатчи 40 Wall Street биноси қуриб битказилганидан кейин кутилмаганда юқорига кўтарилган.

Бироқ Chrysler Building’нинг рекорди узоқ сақланмади. 1931 йилда Empire State Building очилиб, 381 метр баландлик билан янги рекорд ўрнатди.

Катта депрессия йилларида бинонинг ижара кўрсаткичлари жуда паст бўлгани учун уни ҳатто ҳазиломуз тарзда “Empty State Building” — “Бўш давлат биноси” деб аташган.

Empire State Building 1972 йилгача дунёдаги энг баланд бино бўлиб қолди. Кейинчалик Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази шимолий минораси 417 метр баландлик билан етакчиликни қўлга олди. Бу бинолар 2001 йил 11 сентябрдаги терактлар пайтида вайрон қилинган.

1974 йилда Чикагода қурилган 442 метрли Sears Tower (ҳозирги Willis Tower) яна АҚШни рекордчилар қаторига олиб чиқди ва қарийб 25 йил давомида етакчилик қилди.

1990-йиллар охирида Малайзия пойтахтидаги 452 метрли Petronas Towers қурилиши билан дунёдаги энг баланд бино унвони илк бор АҚШдан ташқарига чиқди. Бу ерда ҳам ҳал қилувчи омил шпиллар бўлган.

2004 йилда Тайвань пойтахти Тайбэйдаги Taipei 101 508 метр баландлик билан янги рекорд ўрнатди. Бир неча йилдан кейин эса Дубайдаги Burj Khalifa 828 метр баландлик билан барча рекордларни янгилади.

Burj Khalifa Taipei 101’дан 300 метрдан ортиқ баланд бўлиб, бир аср аввал қурилган Metropolitan Life’дан қарийб тўрт баравар юқорига кўтарилди.

Бироқ Дубай гигантининг ҳам рекорди узоқ сақланмаслиги мумкин. Саудия Арабистонида қурилаётган Jeddah Tower 1 километр баландликдан ошиб ўтадиган дунёдаги биринчи бино бўлиши кутилмоқда. Унинг очилиши 2028 йилга режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид