Ўзбекистон | 13:19 / 21.01.2019
9626
7 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда писта плантациялари ташкил этилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан қуйидагиларни ўз ичига олувчи 2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар дастури маъқулланиши мумкин:

Дастурининг мақсадли параметрлари ва молиялаштириш манбаларининг асосий кўрсаткичлари;

2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги хом ашёси ва минерал хом ашёни саноат йўли билан чуқур қайта ишлаш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида хизматлар соҳаси ва сервисни ривожлантириш лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида қишлоқ хўжалиги соҳасини янада барқарор ривожланишини таъминлаш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

меҳнатга лаёқатли, аммо ишсиз бўлган аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида самарасиз фойдаланиб келинаётган 2000 гектар ер майдонини деҳқон хўжаликларига ажратиб, янги интенсив технологияли боғзорлар ва токзорлар ташкил этиш орқали аҳолини иш билан таъминлаш режаси;

2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал қуриш дастурининг асосий кўрсаткичлари;

2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида ижтимоий соҳа инфратузилмасини янада такомиллаштириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида қишлоқ хўжалиги соҳасида ер майдонларидан оқилона фойдаланиш ва ирригация тизимини яхшилаш бўйича манзилли рўйхати тасдиқланади.

Дастур параметрларининг бажарилишини таъминлаш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тижорат банклари фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш вазифаси Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти зиммасига юклатилади.

Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, тижорат банклари томонидан Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг белгиланган муддатларда амалга оширилишини таҳлил қилиб боради ва мувофиқлаштиради;

Дастур бажарилишининг мониторинги олиб борилишини ташкил этади ва ҳар ойда тизимли равишда муаммоли масалаларни кўриб чиқади, уларни ҳал этиш юзасидан тезкор ва амалий чора-тадбирлар кўради;

зарурат бўлганда, тайёрланган ва белгиланган тартибда келишилган лойиҳа ҳужжатлари мавжуд бўлган тақдирда, Дастурга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини таъминлайди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги вазирликлар, идоралар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари ва лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда бир ой муддатда Дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш, замонавий технологик асбоб-ускуналар билан таъминлаш ва лойиҳаларни фойдаланишга топширишнинг аниқ муддатлари кўрсатилган тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиб тасдиқлайди.

Қамаши туманининг табиий иқлим шароитини инобатга олган ҳолда Давлат ўрмон хўжалиги қўмитасининг 2500 гектар ер майдонига писта плантацияларини ташкил этиш бўйича таклифи маъқулланиши мумкин.

Туманда ишсиз аҳолини иш билан таъминлаш ва хонадонларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш мақсадида:

туманда куркачилик соҳасини ривожлантириш истиқболли лойиҳалигини инобатга олиб, 2019-2020 йилларда, Ўзсаноатқурилишбанк АТБ томонидан 6000 хонадонга 600000 бош курка етиштириш учун имтиёзли кредитлар ажратилиши таъминланади;

Ўзпаррандасаноат уюшмаси, Ўзсаноатқурилишбанк АТБ билан биргаликда 2019 йилда Қамаши туманида янгидан 3 та куркачилик агрофирмасини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқади;

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат ветеринария қўмитаси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги 2019-2020 йилларда Қамаши туманида чорвачиликка ихтисослаштирилган хўжаликлар томонидан аҳоли хонадонларига Халқ банки АТБ томонидан ажратиладиган имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига четдан 2 минг бош чорва моллари олиб келинишини таъминлайди;

туманда қуёнчилик соҳасини ривожлантириш мақсадида, 2019-2020 йилларда, Микрокредитбанк АТБ томонидан 3000 хонадонга 40000 бош қуён сотиб олиш учун, имтиёзли кредитлар ажратилади;

Маданият вазирлиги Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда, ташаббускор тадбиркорлар маблағлари ва ТИФ Миллий банки имтиёзли кредит линияси ҳисобидан туманда замонавий истироҳат боғи ташкил этилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг Қашқадарё вилоятига 2018 йил 28-29 январь кунлари ташрифи давомида берган топшириқлари ва Чироқчи туманида кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёни 62.2-бандида тадбиркорликни фаол ривожлантириш орқали келгусида бюджет тушумларини кўпайтириш учун замин яратиш мақсадида, Давлат Солиқ қўмитаси томонидан бир ой муддатда айрим солиқлар бўйича ставкаларни камайтириш ва қўшимча солиқ имтиёзларини бериш юзасидан юклатилган топшириғига асосан Қамаши туманида:

қишлоқ жойларида умумий овқатланиш корхоналари учун солиқ ставкасини 2 баробарга, олис ва тоғли ҳудудларда 70 фоизгача камайтириш;

янгидан ташкил этиладиган саноат корхоналарини 5 йил муддатга ягона солиқ тўловидан озод қилиш;

савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаларини 2 баробарга камайтиришни назарда тутувчи қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Автомобиль йўллари Давлат қўмитаси республика бюджети ҳисобидан туман ҳудудидаги Майданак обсерваториясига олиб борувчи автомобиль йўлини 2019 йилда тўлиқ таъмирлашни якунига етказишни таъминлайди.

Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Қамаши туман ҳокимлиги туман ҳудудидан ўтувчи халқаро ва маҳаллий аҳамиятга эга автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш ишларини ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлайди.

Қурилиш вазирлиги Маданият вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда тумандаги 15-асрга оид “Лангар ота” зиёратгоҳи ва “Лангар ота” масжидини таъмирлаш, ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш концепциясини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Молия вазирлиги Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда ушбу объектлар бўйича таъмирлаш ишларини молиялаштиришни Республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилишини таъминлайди.

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурини шакллантиришда ушбу қарорда назарда тутилган марказлашган манбалар маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, шу жумладан, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни инобатга олинишини таъминлайдилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид