Қашқадарё вилоятида ИИБ ходими наркожиноятда айбланиб, жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Айблов
Суд ҳукмида келтилишича, Кўкдала тумани ИИБ профилактика инспектори Б.Т. 2016-2017 йилларда Косон туманида ўтказилган “Қорадори” тадбирларида иштирок этган. У ўшанда тадбир жараёнида аниқланган марихуана баргидан юлиб олиб, келгусида ўзи истеъмол қилиш ва бир қисмини ўтказиш мақсадида яшаш хонадонида сақлаб келган.
Марихуананинг 3,4 граммини 2025 йил 10 декабр куни тунда турмуш ўртоғи орқали Қарши тумани ИИБ профилактика катта инспектори вазифасида ишловчи таниши Ж.Н.га ўтказган.
ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси ва Қашқадарё вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Ж.Н. бошқарувидаги машинадан 3,4 грамм марихуана топилган.
Шунингдек, Б.Т.нинг яшаш хонадонидан ҳам 8,76 грамм марихуана топилиб, расмийлаштириб олинган.
“Сотиш ниятим бўлмаган”
Б.Т. судда айбига иқрорлик билдирмасдан, марихуанани сотиш нияти бўлмаганини, боши оғриганда чой қилиб ичиб келганини айтган.
“2016 ёки 2017 йилда Косон туманида “Қорадори” тадбирида иштирок этдим. Ўша вақтда вертолёт орқали қайсидир маҳаллада марихуана етиштирилаётгани аниқланди. Ҳужжатлаштириш жараёнида ўсимликнинг баргидан юлиб олиб, чўнтагимга солиб қўйдим.
Марихуанани сотиш ниятим бўлмаган. 2014 йилда Бухоро шаҳрида ИИБ ходимлари ўртасида ўтказилган самбо кураши мусобақасида бўйин соҳамдан жароҳатландим. Ўшандан буён нерв томирларининг қисилиши оқибатида бошимда кучли оғриқ пайдо бўлган. Марихуанани бошимнинг оғриғини қолдириш мақсадида чой қилиб ичиб келганман”, деган Б.Т. ўз кўрсатмасида.
Шунингдек, у 2025 йил 10 декабр куни Ж.Н. яшаш уйидан марихуана олиб кетмаганини маълум қилган.
“Витамин олгандим”
43 ёшли Ж.Н. судда ҳамкасби Б.Т.нинг уйидан ўша куни тунда марихуана эмас, витамин олиб кетганини билдирган.
“Ўша куни Б.Т.га қўнғироқ қилиб, ундан “С-4” витамини бор-йўқлигини сўрадим. “С-4” спорт билан шуғулланиш учун энергетик куч берадиган витамин ҳисобланади. Б.Т. менга “С-4” витамини уйида борлигини, борсам турмуш ўртоғи бериб юборишини айтди. Унинг уйига бордим. Б.Т.нинг ўғли витаминни тушириб берди.







