Ўзбекистон | 20:34 / 21.01.2019
29231
5 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ангела Меркел билан музокара ўтказди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 январь куни Германия Федерал канцлери Ангела Меркел билан музокара ўтказди.

Давлат раҳбари суҳбат аввалида Германияга таклиф ва Ўзбекистон делегациясига кўрсатилаётган ҳурмат-эътибор учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Германияга вақт давомида синалган ишончли шерик деб қарашини таъкидлаган. 

«Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик асосий масалалар бўйича позициялар ўхшаш ва яқинлиги намоён бўлди. Самарали мулоқотни икки ва кўп томонлама шаклда, жумладан, нуфузли халқаро тузилмалар доирасида изчил давом эттиришга интилиш муштарак экани тасдиқланди.

Германия канцлери Ўзбекистон президенти раҳбарлигида иқтисодиётни модернизация қилиш ва жамиятни янада демократлаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда дўстлик ва ўзаро ишонч муҳитини яратиш, кўп йиллик баҳсли масалаларни тинчлик йўли билан ҳал этиш ва минтақани глобал иқтисодиётга интеграция қилиш бўйича янги минтақавий сиёсатини олқишлади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида

Томонлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, атроф муҳитни муҳофаза этиш масалаларини ҳам кўриб чиқди. Давлатимиз раҳбари Германия ҳукуматига Орол фожиаси оқибатларини бартараф этишдаги кўмаги учун миннатдорлик билдириб, Берлинни Оролбўйи учун кўп шериклик асосидаги Траст фонди фаолиятида фаол иштирок этишга чақирди. 

Мулоқотда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик масаласига, жумладан, Афғонистон муаммосини ҳисобга олган ҳолда эътибор қаратилди. Бу масалани барча томонлар иштирокида, афғонлар раҳбарлигида тинч йўл билан ҳал этиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Учрашувда асосий эътибор савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига қаратилди. Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 700 миллион евродан ошгани қайд этилиб, бу кўрсаткични 1 миллиард еврога етказиш учун барча имкониятлар борлиги таъкидланди. 

Ўзбекистонда германиялик инвесторлар иштирокида 132та фирма ва компания фаолият юритмоқда. Шундан 33таси юз фоиз немис капитали асосида тузилган, 31таси юртимизда ўз ваколатхоналарини очган. Ўзбекистон миллий банки Германиянинг 57та банки билан алоқа ўрнатган. Тошкентда «Дойче-банк» бўлими ташкил этилган. 

Ташриф доирасида кимё, қурилиш, энергетика, металлургия ва озиқ-овқат соҳалари етакчилари – «Сименс», «Тиссен Групп», «Клаас», «МАН», «Кнауф», «Линде», «Паппенбург», «Хумана», «Фольксваген» каби халқаро миқёсдаги немис концернлари билан шерикликда янги кўп миллиардли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилгани мамнуният билан қайд этилди.

Илм-фан, таълим соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, маданий алоқалар ва туристлар алмашинувини кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. 

Ўзбекистонда 8 мингдан зиёд немис миллатига мансуб фуқаролар яшамоқда. Маданияти ва анъаналарини сақлаб, ривожлантириши учун уларга барча шароитлар яратилган.

400 мингдан ортиқ ўқувчилар немис тилини ўрганмоқда. Яқинда Тошкент, Самарқанд ва Бухородаги мактабларга буюк немис олим ва ёзувчилари номи берилди. 

Тошкентдаги Гёте институти, Конрад Аденауэр ҳамда Фридрих Эберт номидаги жамғармалар, Германия академик алмашинувлар хизмати ваколатхоналари ва бошқа ташкилотлар халқларимиз ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда. Пойтахтимиз ва бир неча вилоятларда бўлимлари бўлган «Видергебурт» немис маданият маркази, «Ўзбекистон – Германия» дўстлик жамияти фаолият юритмоқда.  

Ўзбекистонда Германия фуқаролари учун 30 кунгача визасиз режим жорий этилгани муҳим воқеа бўлди. Бу мамлакатимизни кўришга қизиқадиган туристлар, бизнесини йўлга қўядиган инвесторлар ва бошқаларга катта қулайлик яратди. 

Ташриф доирасида иқтисодиёт, савдо, молия, таълим, илм-фан ва инновация соҳаларига оид ҳукуматлараро ва идоралараро 9та ҳужжат имзоланди. 

Томонлар мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаати йўлида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга интилишини билдиришган.

 

Мавзуга оид