Ўзбекистон | 19:39 / 23.01.2019
5503
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва ЕИ янги битим бўйича музокараларни бошлайди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

Тошкент жорий йилнинг февраль ойида ўтказилиши кутилаётган Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси бўйича музокараларга мезбонлик қилади. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда. ​

23 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Буриан билан учрашди. У атроф-муҳит, иқлим ўзгариши ва сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик бўйича юқори даражадаги «Европа Иттифоқи - Марказий Осиё» конференциясида иштирок этиш учун Тошкент шаҳрига келган ЕИ делегациясига бошчилик қилмоқда.

«Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси бўйича музокаралар жараёни бошлангани мамнуният билан қайд этилди. Шу ўринда, февраль ойи бошида Тошкент шаҳрида ушбу масала бўйича музокараларнинг биринчи раундини ўтказиш таклифлари кўриб чиқилди.

Европа томони Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш иштирокида ташкил этилган Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фондини қўллаб қувватлашини маълум қилди», – дейилади ТИВ ахборотида​.

Маълум қилинишича, ЕИ махсус вакили Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш ва техник ёрдам кўрсатишга Европа Иттифоқи тайёрлигини тасдиқлаган.

Шунингдек, учрашувда ўзаро ҳамкорликнинг қўшма институтлари, жумладан, «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» ҳамкорлик қўмитаси, Иқтисодиёт, савдо ва инвестициялар бўйича кичик қўмитанинг қўшма мажлисларини ўтказиш жадвали юзасидан фикр алмашилди, шунингдек, Ўзбекистоннинг «Бош преференциялар тизими пльюс» доирасида тариф имтиёзларини олиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Мавзуга оид