Фарғонача кўчириш. Ичида одам яшаётган уйлар бузилмоқда
Кейинги кунларда интернетда Фарғона шаҳри марказидаги уйлар эгалари кўчмай туриб бузилаётгани, бу эса кўп йиллардан бери яшаб келаётган уйини ташлаб, шаҳар чеккасидаги ҳудудга кўчишни истамаётган аҳолининг кескин норозилигини келтириб чиқаргани тўғрисида хабарлар тарқалди.
Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Фарғона шаҳридаги, халқ тили билан айтганда «Гидролизный» дея аталувчи мазкур ҳудудга йўл олдик.
Фарғона шаҳрининг Алишер Навоий, Соҳибқирон Темур ва Форобий кўчалари кесишмасида жойлашган 2 қаватли уйлар ёнидамиз. Бу ерда жуда асабий ҳолат ҳукм сурмоқда. Бунинг сабабига эса қуйида муфассал тўхталамиз.
Муаммо нимада?
Шу йилнинг 2 январь куни «Гидролизный» шаҳарчасида жойлашган 12та кўпқаватли уйларда яшаётган аҳолига шаҳар ҳокимлиги вакиллари томонидан қўққисдан «уйларинг сносга тушди» дея хабар берилади.
Аввалига мутасаддилар хонадон эгаларига уйлари сотиб олинишини айтишган. Кейин эса, биринчи босқичда бузилиши кўзда тутилган 8та уйдаги 62 хонадон - Фарғона шаҳар, Регистон кўчасида янги қурилган кўпқаватли уйдаги хонадонларга кўчирилиши билдирилади.
Халқда шундай нақл бор: «Қушнинг ҳам уяси бузилмасин». Бузилиши кутилаётган уйларда яшовчи аҳолининг маълум бир қисми янги уйларга кўчишни истамайди. Маълум қисми кўч-кўронини кўтариб кўчиб ўтади.
Мутасаддилар эса зудлик билан уйларни бузишга киришадилар. Айни пайтда, 8та уй жойлашган ҳудудда бир неча уй бутунлай бузилиб бўлган, бузиш ишлари давом этмоқда. Ажабланарлиси, бузилаётган уйларда ҳали ҳам чиқиб кетишни истамаётган квартира соҳиблари бор.
Айни пайтда ҳокимлик вакиллари ички ишлар ходимлари билан хонадондан кўчиб чиқишни истамаётган аҳоли ўртасида тушунмовчилик ва тортишувлар келиб чиққан.
Бузилаётган уйлардаги ҳолат билан танишдик. Одамлар уйнинг томлари очилиб, электр ва газ узилаётганига қарамай, совуқ кунда ўз хонадонларида қолишган. Улар ҳокимлик тақдим этган уйларга кўчишни умуман исташмаяпти. Масалан, 32-уйда 4та хонадон ярим бузилган уйда яшамоқда.
Хўш, аҳоли нега янги уйларга кўчиб ўтишни истамаяпти?
Вяльшин Милан. 32-уйдаги 4 «А» хонадон соҳиби
— Шахсан мен янги уйга кўчиб ўтишга қарши эмасман. Фақат, шаҳар ҳокимлиги тавсия қилган хонадон худди ўзимникидек, шаҳар марказида бўлиши керак. Ҳозирги кўчиб ўтишга мажбур бўлган жойимиз шаҳар чеккасида. Бу мени қониқтирмайди. Ўзингиз кўриб турибсиз, уйимиз бузиляпти, лекин ҳокимлик бизга худди ўзимизникидек шароитдаги яшаш жойини топиб бергани йўқ. Уйнинг том қисми бузилиб бўлди. Агар қор ёки ёмғир ёғса, аҳволимиз жуда чатоқ. Кўчиб чиқиб кетмаганлар орасида 90 ёшли қари онахон ҳам бор.
Дилфуза Арипова. 40-уй, 5-хонадонда яшайди
— Бизнинг оиламиз ҳам кўчиб кетгани йўқ. Сабаби, бизга берилиши лозим бўлган уйларни бориб кўрдим. Шаҳар чеккасида, транспорт йўналишидан узоқ, қайсидир заводнинг чиқиндиси оққани учун ДСЭНМ яшашга нолойиқ деб топган жойлар экан. Биз фарзандларим, невараларим билан шаҳар марказида, боғчага, ўқишга бориш учун шарт-шароитимиз аъло жойда яшаётган эдик. Шаҳар ҳокимлиги нега марказда қурилаётган уйлардан бермай, чекка ҳудуддаги уйларни тавсия қиляпти? Энг ёмони, ҳозир уйимизни бузаётган қурувчи йигит уй томининг бир томони бузиб бўлингани, ёғингарчилик бўлса, сув остида қолишимизни айтиб кетди. Ғамда қолдик.
Уйларни нега бузишяпти?
Юқорида айтганимиздек, ҳудудга бориб, ҳокимлик мутасаддилари ғалванинг марказида турганини кўрдик. Уйлар бузилишини ҳокимлик ва ИИБ ходимларидан ташкил этилган «штаб» вакилларининг назоратида экан. Жараёнга раҳбарлик қилиб турган шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шарифжон Ниязметовга мурожаат қилиб, ундан уйлар нега бузилаётганини сўрадик.
«Мана шу уйлар ўрнида жанубий кореялик тадбиркорлар томонидан меҳмонхоналар комплекси қурилади. Чет эллик ишбилармонлар томонидан бунёд этиладиган 16 қаватли меҳмонхона ва соғломлаштириш мажмуаларига 98 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиши кўзда тутилган. Бу ерда яшовчиларни эса, янги қурилган уйларга кўчиряпмиз. Ҳозир 62та хонадондан 47таси кўчиб ўтди. Улар ўша ердаги шароитлардан жуда хурсанд. Бориб кўришингиз ҳам мумкин», дейди ҳоким ўринбосари.
Лекин у киши камера қаршисида гапиришга рози бўлмади ва ўзини суратга туширишга ҳам рухсат бермади.
«Ўзи чиқмаган жойимиз қолмади. Мени суратга олманг! Саволларингизга жавоб бераяпман-ку?», деган гапидан сўнг камерани қайтиб унга қаратмадик.
Айни вақтда 8та уйда бузиш ишлари кетяпти. Кўчиб чиқиб кетишни истамаётган аҳоли билан эса муаммолар жуда кўп. Уйларни том қисмидан бузиш бошланган. Бироқ норозилар кўчмай ўз уйларида яшашмоқда. Мутасаддилар эшикни тақиллатиб борса очмаётган хонадонлар ҳам бор.
Ҳокимлик ва аҳоли ўртасидаги келишмовчилик
Энди асосий мавзуга ўтсак. Аҳоли нимадан норози?
Айни пайтда кўчишни истамаётган кишилар билан узоқ суҳбатлашдик. Ҳокимлик тавсия қилган уйларга боришни хоҳламаётганлар янги жойдаги шароит қониқтирмаётганини айтишди.
Дарҳақиқат, уларнинг ҳозирги жойи Фарғона шаҳрининг қоқ марказида.
«Онамнинг ёши тўқсондан ўтди. Жуда кўп касал бўлади. Бизга касалхона, поликлиника, дорихоналар яқин бўлган жой зарур. Мен янги уйда қийналаман. Ахир, ҳозирги уйимиз шаҳар марказида бўлгандан кейин, бизга марказда қурилаётган уйлар берилиши керак эмасми? Қон босими билан касал ўғлим Виктор Аристов мана шу асаббузарликлар сабаб оламдан ўтди», -дейди Татьяна Васильева.
Виктор онаси ва укаси билан бирга яшаган. Гипертония касаллигидан азият чеккан. Можаро вақтида аҳволи оғирлашиб, шифохонага олиб борилган, аммо унинг ҳаётини сақлаб қола олишмаган.
Унинг қўшниси Максим Сидоров ҳам ўз фикрини билдирди: «Шаҳарда янгиликлар бўлиши, инвесторларнинг келиши, янги-янги чиройли бинолар қурилишига қарши эмасмиз. Фақат шаҳар марказида бузилаётган уйимиз ўрнига, шаҳар марказидан уй беришса бўлди. Ахир Фарғона шаҳри марказида жуда кўп янги уйлар битяпти-ку?».
38-уйда яшаётган Акмалжон Эрматов ҳам ҳали кўчиб кетмабди.
«Аввалига, ҳокимиятданмиз деб телефон қилишиб, уйимиз учун 17 минг доллар атрофида пул берилса, рози бўлиш-бўлмаслигимизни сўрашди. Кейин Регистондаги уйлар варианти пайдо бўлди. Онам, аёлим ва уч фарзандим билан яшайман. Ҳокимият бераётган ҳозирги уйларга эмас, шаҳар марказидан беришса кўчиб ўтамиз. Уйларни бориб кўрдик. Ҳолати бизга ёқмади», - дейди у.
Биз бир соат ичида хонадон эгалари ва ҳокимлик вакиллари ўртасидаги тортишувларга ҳам гувоҳ бўлдик.
Одамлар билан суҳбат давомида, шуни англадикки, хонадон эгалари уларга шаҳар марказидан уй тавсия қилинмаганидан, ҳали кўчиб улгурмасидан уйларини бузишни бошлаганликларидан норози.
Ҳокимлик тавсия қилган уйлар
«Гидролизный»да яшаган 47та хонадон эгалари шаҳар ҳокимлиги томонидан берилган Регистон кўчасидаги кўпқаватли уйларга кўчиб ўтибди. Шаҳар ҳокимлиги вакиллари билан ўша манзилга бордик. Хонадонларга кириб, яшаш шароитларини ўргандик. Янги келганлар бу ердаги шароитлардан хурсандлигини, газ ва электрдан узилишлар йўқлигини айтиб ўтишди.
Бироқ, «Гидролизный»да ҳали Регистон кўчасидаги уйларга кўчиб ўтишни истамаган 12та хонадон бор. Хонадон эгалари ва ҳокимлик вакиллари ўртасида тортишувлар давом этмоқда.
Хулоса шуки, Фарғона шаҳар ҳокимлиги мазкур хонадон эгалари билан музокараларга киришиб, масалани ижобий ҳал қилишнинг чорасини топиши зарур.
Одамлар ҳали истиқомат қилаётган уйларни, улар кўчиб чиқмагунларича бузишдан тўхтатиб туриш лозим. Уларнинг айтишича, кундузи бузиш ишлари кетаётган пайтда электр ва газ узиб қўйилиб соат 17ларда берилмоқда.
Шаҳар янги қиёфага кирса, инвесторлар ўз маблағлари билан замонавий бинолар, ишлаб чиқариш корхоналари қурса, технология олиб кирса, маҳаллий аҳолини иш билан таъминласа қандай яхши! Юртда кетаётган туб ислоҳотларнинг асосий талаби ҳам шу.
Бироқ, барча ислоҳотлар ва ўзгаришлар замирида инсон манфаатлари ётади. Янги лойиҳалар бошқа фуқароларга ноқулайлик туғдирмаслиги, зарар келтирмаслиги шарт. Маҳаллий ҳокимият вакиллари эса биринчи навбатда мана шу жиҳатларни эътиборга олишлари зарур.
Ҳолбуки, ҳокимлик одамларни мажбурлаб шаҳар четидаги, шароитлари етарли даражада қониқарли бўлмаган уйларга кўчирмасдан, бузиладиган уйларни баҳолаб, пулини уй эгаларига берганида, сих ҳам куймасди, кабоб ҳам. Ҳеч ким вафот этмасди ҳам. Уйи учун етарли маблағ олган одамлар ҳеч қандай эътироз билдирмасдан, шаҳар марказидан янги уй сотиб олиши, бу можаро бутун дунёга достон бўлмаслиги ҳам мумкин эди.
Элмурод Эрматов, Фарғона
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
10:16 / 12.11.2024
Фарғонада танишини ўлдириб, уйига ўт қўйган аёлга ҳукм ўқилди
11:59 / 05.11.2024
Ўзбекистонлик олимлар Фарғона водийсидан янги балиқ турини топди
09:40 / 02.11.2024
Ҳиндистон Фарғонада халқаро кўп тармоқли клиника ташкил этади
19:32 / 30.10.2024