Спорт | 20:07 / 24.01.2019
8071
4 дақиқада ўқилади

Осиё Кубоги. Япония Вьетнамни пенальтидан урилган гол эвазига мағлуб этди

Осиё Кубоги чорак финали доирасидаги илк ўйин якунига етди. Дубай шаҳридаги «Al Maktoum Stadium»да ўз тарихида илк маротаба саралашдан ўтиб, Осиё Кубоги финал босқичига чиққан Вьетнам турнирнинг энг кўп карра чемпиони Японияга қарши майдонга чиқди.

Биринчи бўлимнинг дастлабки дақиқаларидаёқ Вьетнам тасодиф туфайли чорак финалга етиб келмаганини исботлади: ўйин кутилмаганда японларнинг эмас, вьетнамликларнинг ташаббусга эга бўлиши билан бошланди. Жамоа кучли рақибга қарши очиқ ўйин ва кескин футбол таклиф эта олди, қарши ҳужумларидаги ўткирлик бутун тайм давомида Япония мухлисларини хавотирда ушлаб турди. Биринчи гол, гарчи ўйиндан ташқари ҳолат туфайли инобатга олинмаган бўлса-да, айнан Вьетнам томонидан киритилди. Бўлим ўрталарида Япониянинг ҳам бир голи бекор қилинди: бош ҳакам VAR`га мурожаат қилиб, бурчак зарбадан сўнг Мая Йошида тўпни қўли билан ўйнаган, деб топди.

Умуман, дастлабки 45 дақиқаликда гарчи Япония 70 фоизлик тўп назоратига эришган бўлса-да, бу билан рақибдан устунликка эриша олгани йўқ: зарбалар бўйича ҳисоб 6:4, аниқ зарбалар бўйича 3:2 – ҳар иккала кўрсаткич ҳам Вьетнам фойдасига.

Иккинчи бўлим Япониянинг яққол устунлиги билан бошланди ва бу тез орада ҳисобда ҳам акс этди. 56-дақиқада Осиё Кубогидаги энг ёш футболчилардан бири – Рицу Доан Вьетнам жарима майдонига кириши билан йиқитилди. Ҳакам яна бир бор видеотакрорга мурожаат қилиб, қарорига ўзгартиш киритди ва пенальти белгилади. Шундай бўлса-да, такрорий лавҳада Тиэн Дунг Буи аввал тўпга зарба берганини, шундан кейингина рақиб ўйинчиси билан контакт бўлганини кўриш мумкин. 11 метрлик зарбани Доаннинг ўзи амалга оширди: Вьетнам дарвозабони тўп йўналишини аниқ топди, лекин қандайдир сантиметрлар унга етишмади – 20 ёшли ҳужумкор яримҳимоячи турнирдаги иккинчи голини урди. 

Гарчи голдан кейин устунлик Япония томонига ўтган ва японлар кетма-кет хавфли ҳужумлар уюштира бошлаган бўлса-да, бўлим охирига қадар Вьетнамда ҳам гол уриш учун камида учта жуда қулай вазият бўлганини таъкидлаш керак. Шунга қарамай, ҳисоб ўзгармай қолди ва Япония кейинги босқичга йўл олди.

Шу тариқа, Вьетнам дебютдаги юришини мағрур тарзда тўхтатди. Эслатиб ўтамиз, жанубий кореялик Парк Ҳангсео қўл остидаги жамоа гуруҳ босқичидан учинчи ўрин эгаси сифатида, деярли тенг кўрсаткичларга эга Ливанни сариқ карточкаларининг камлиги эвазига ортда қолдириб, плей-оффга чиққан эди. Вьетнамликлар нимчорак финалда Иорданияни мусобақадан чиқариб юборишди: бугунги ўйин бўлиб ўтган стадионда кечган ўша баҳснинг асосий вақти 1:1 ҳисоби билан тугаган, пенальтилар сериясида омад Вьетнамга кулиб боққан эди.

Япония терма жамоаси ярим финалдаги рақибини Хитой-Эрон учрашувидан сўнг билиб олади. Бу ўйин Тошкент вақти билан соат 21:00да Абу-Дабида старт олади.

Осиё Кубоги, чорак финал
ВЬЕТНАМ – ЯПОНИЯ – 0:1 (0:0)
Гол: Рицу Доан (57, пен.)

Мавзуга оид