Ўзбекистон | 20:57 / 24.01.2019
5718
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда дунёга машҳур циркларнинг гастроллари ташкил этилади

Фото: mos.ru

Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбек цирк санъатини янада ривожлантириш ва “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Қарор билан 2019-2020 йилларда ўзбек цирк санъатини янада ривожлантириш ҳамда “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Унда қуйидагилар назарда тутилади:

цирк дастурлари ва томошаларининг бадиий савиясини ошириш ҳамда 2020 йилга қадар томошалар сонини камида 500 тагача, 2022 йилга қадар эса — 1000 тагача етказиш;

2019 йил якунига қадар цирк залининг томошабинлар билан тўлиш даражасини камида 60 фоизга ва 2022 йилга бориб 75 фоизга етказиш;

“Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасининг даромадлар манбаларини кенгайтириш мақсадида энг томошабоп цирк дастурларини саҳналаштирган малакали ижодий жамоалар (труппа)нинг хорижий давлатларга гастроль сафарларини уюштириш;

театр, кино, эстрада ва бошқа санъат турларини, замонавий ёритиш ва мусиқали махсус эффектларни қўллаган ҳолда сифат жиҳатдан бутунлай янги цирк дастурларини яратиш;

машҳур хорижий цирк ташкилотларини, шу жумладан, Франциянинг “Cirque du Soleil”, Хитойнинг “Чанг Лонг” халқаро цирки, Россиянинг Цветной бульвардаги “Москва цирки”, “Москва катта цирки” ва бошқа шу каби циркларнинг гастролларини республикамизда мунтазам равишда ташкил этиш;

дунёнинг машҳур цирк артистлари ва мутахассисларини республикамизга таклиф этган ҳолда мастер-класс, тренинг ва тажриба алмашиш;

цирк соҳасини малакали кадрлар ва етук мутахассислар билан таъминлаш мақсадида “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси ходимларини хорижий давлатларнинг цирк йўналиши бўйича олий таълим муассасаларида ўқитиш ҳамда уларнинг малакасини ошириш;

“Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасида намойиш этиладиган цирк дастурлари ва томошаларини Интернет тармоғи орқали пулли асосда масофадан онлайн томоша қилиш имконини яратиш.

Шундай тартиб ўрнатилдики, унга мувофиқ:

“Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасининг раҳбарига мазкур муассасада алоҳида ўрнак кўрсатган ижодий (артист) ходимлар ва мутахассисларга, айниқса ишлаб чиқариш ходимларига уларнинг лавозими ва малакасига, бажарадиган ишининг мураккаблиги ва хавфлилик даражасига кўра, муассасанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан базавий тариф ставкаси ва лавозим маошининг 100 фоизигача бўлган миқдорда ҳар ойлик шахсий устамалар белгилаш ҳуқуқи берилади;

Монте-Карло ва Будапешт халқаро цирк фестивалларида 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси ижодий жамоасининг ҳар бир аъзоси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан энг кам ойлик иш ҳақининг тегишли равишда 100 баравари, 80 баравари ва 50 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан моддий рағбатлантирилади.

Қарор билан 2021 йилдан бошлаб Тошкент шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро цирк санъати фестивалини ўтказиш белгиланди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид