Light | 01:51 / 26.01.2019
21895
10 дақиқада ўқилади

​Марк Цукерберг ўз пулларини нималарга сарфлайди?

Марк Цукерберг — Facebook ижтимоий тармоғининг ишлаб чиқувчилари ва асосчиларидан бири, миллиардер, Times версиясига кўра 2010 йил кишиси. Forbes журнали 2019 йил январь ойи ҳолатига кўра, унинг бойлигини 53,8 миллиард долларга баҳолади. 34 ёшли Цукерберг Forbes нашри томонидан тузилган энг ёш миллиардерлар рўйхатидан ўрин олган.

Фото: Reuters

Касалликларга қарши кураш

Марк Цукерберг ва унинг турмуш ўртоғи Присцилла Чан 2015 йилнинг 1 декабрида, қиз фарзандларининг туғилишига ўзларининг Chan Zuckerberg Initiative (CZI) фонди фаолиятини йўлга қўйишганида Facebook акцияларидаги улушларининг 99 фоизини хайрияга йўналтиришга ваъда беришган. Шу тариқа улар Билл Гейтс ва Уоррен Баффет томонидан юритилувчи "Ҳадя қасамёди" кампанияси иштирокчисига айланишган.

Бугунга келиб фонд 250 нафар ходимга эга, уларнинг ярми - технологик сектор вакиллари. CZI мақсади — таълим ва тиббиётни ривожлантириш. Фонд миссияларидан бири — касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш учун илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш.

"Келгуси юз йил ичида аксарият касалликлар, айниқса, юрак касалликлари, саратон, инсульт, нейродегенератив ва инфекцион касалликларнинг олдини олиш ва даволаш учун реал имконимиз бор".

Марк Цукерберг

Қатор экспертлар глобал вазифа соддалаштирилган бундай миссияни танқид қилишди. Бироқ дунёнинг энг бадавлат кишиларидан бири ҳисобланган Билл Гейтс Цукербергни унинг ташаббусида қўллаб-қувватлади.

2016 йилда Цукерберг ва Чан келгуси ўн йилликда тиббий тадқиқотларни молиялаштириш учун 3 миллиард доллар йўналтиришга ваъда беришган, бундан мақсад - дунёдаги барча касалликларни енгиш экани қайд этилган.

2018 йилнинг сентябрида Цукерберг Facebook акцияларини 13 миллиард долларга сотишга ваъда берди. Бугунга келиб у Facebook акцияларининг деярли 29 миллионини умумий ҳисобда 5 миллиард доллардан ортиқ суммага сотган ва бу маблағни Chan Zuckerberg Biohub тиббий тадқиқот марказига йўллаган.

2018 йилнинг февраль ойи маълумотларига кўра, Марк Цукерберг ўз акцияларини 500 миллион долларлик суммага сотди - Reuters'да шу ҳақидаги маълумот чоп этилди.

Chan Zuckerberg Biohub (CZB) ташаббусларидан бири — "Инсон ҳужайралари атласи" лойиҳаси. Унинг мақсади инсон организмининг ҳар бир ҳужайраси харитасини акс эттиришдан иборат. Ушбу лойиҳани амалга оширишга қанча маблағ сарфлангани номаълум.

12,5 миллион доллар йўналтирилган яна бир лойиҳа — биологик тадқиқотлар учун молекулалар, ҳужайралар ва тўқималар визуализацияси жиҳозларини ишлаб чиқиш. Лойиҳа доирасида олимлар яқин 3-5 йил учун Америка визуализация марказларида тадқиқотларни молиялаштириш имконига эга бўлишади.

"Бизнинг дастуримиз биотиббиёт ривожини сезиларли даражада тезлаштириши мумкин, бунда такомиллаштирилган дастурий ва қурилмавий визуализация таъминоти, шунингдек биологлар ва технологик экспертлар ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга".

Кори Баргманн,

CZB илмий бўлими раҳбари

Шунингдек CZI тадқиқот маркази:

  • Meta номли қидирув тизимига эга бўлди, у олимларга зарур илмий нашрларни осонгина топишга ёрдам беради;
  • Нью-Йоркдаги Cold Spring Harbor лабораторияси билан bioRxiv хизматини йўлга қўйишда ҳамкорлик қилади, унинг ёрдамида биологлар илмий ишларни излашади ва уларни ўзаро алмашишади;
  • Биологик фанларга доир тадқиқотлар учун маълумотлар базасини яратаётган Protocols.io стартапи билан ҳамкорлик қилади, мақсад - тадқиқотлар усуллари ҳақидаги маълумотлар билан бўлишиш;
  • Маслаҳатлашув гуруҳига қўшилди ва ASAPbio нотижорат илмий ташкилоти учун 150 минг доллар миқдоридаги грантни тақдим этди, мақсад - биология йўналишидаги илмий тадқиқотлар ва мақолаларни рағбатлантириш;
  • Биологик тадқиқотлардаги визуализация учун очиқ чиқиш кодига эга дастурий таъминотни қўллаб-қувватлади. Танланган иштирокчиларга грантлар берилади. Бугунга қадар уч лойиҳа тасдиқланган — scikit-image, Fiji ва CellProfiler;
  • CZI Neurodegeneration Challenge Network ташаббуси доирасида 51,95 миллион доллар ажратилган 17 тадқиқотни танлаб олди. Олимларнинг вазифаси — Альцгеймер касаллиги, склероз, Паркинсон каби қатор касалликларнинг нейродегенератив бузилиш бирламчи сабабларини тушуниш.
    Фото: Global Look Press

Таълим

2010 йилда Марк Цукерберг Startup:Education жамғармасини ташкил қилди ва Ньюарк давлат мактаблари учун "Опра Уинфри шоуси"га 100 миллион доллар ваъда қилди.

Жамғарма фаолияти Ньюарк (Нью-Жерси штати) ва АҚШнинг бошқа шаҳарларидаги таълим тизимини яхшилашга қаратилган.

2012 йилда Цукерберг 18 миллион Facebook акциясини Кремний водийси Жамоатчилик фондига ҳадя қилди.Акциялар нархи 498 миллион долларни ташкил қилди. Пуллар таълим хайрия дастурларига йўналтирилди.

2013 йилда Startup:Education ташаббуси доирасида Цукерберг Panorama Education стартапини молиялаштирди. Массачусетс лойиҳаси умумий ҳисобда 4 миллион долларни жалб қилди. Пуллар SoftTech VC, Google Ventures, Йель университети ҳамда A-Grade'га сафарбар этилди. Бу мактаб ўқувчилари, уларнинг ота-оналари ва педагоглар билан алоқа қилиш учун маълумот ва таҳлил йиғиш платформаси ҳисобланади. 2013 йилнинг октябрига келиб АҚШнинг 4 мингдан зиёд мактаби Panorama Education платформасидан фойдаланган.

Цукерберг, Билл Гейтс ва Twitter асосчиси Жек Дорси, LinkedIn асосчиси Рейд Хоффман ҳамда Google, Amazon, Microsoft каби нуфузли компаниялар 2013 йилда Code.org нотижорат ташкилотига қизиқиш билдиришди. Компания мақсади - АҚШдаги ҳар бир мактабда ахборот технологияларини сифатли ўқитиш ва ўқитувчиларга бу фандан билим беришни ўргатиш.

Code.org хайрияпарварлар орқали қанча пул тўплаганини ошкор қилмади. 50 та мактабда ҳафтасига бир марта бир соатдан дастурлаш машғулотлари киритилди ва бунинг учун ноутбуклар ажратилди. Шу тариқа, 10 миллион мактаб ўқувчиси дастурлашни ўрганди. Стартап шу йўл билан технология саноатидаги дастурчилар етишмовчилиги муаммосини бартараф этишга умид билдиради.

2015 йилда Цукерберг ва Чан фонди ўқувчиларнинг индивидуал ютуқларини ўлчашга мўлжалланган дастурий таъминот ишлаб чиқиш билан шуғулланувчиMastery Connect компанияси учун 5 миллион доллар ажратди.

Шунингдек Цукерберг 2015 йилда экспериментал таълим берувчи Altschool мактаблар тармоғига ҳам 100 миллион доллар йўллади. Лойиҳа доирасида ҳар бир ўқувчи учун индивидуал режа ишланади, бу бошланғич таълим сифатини яхшилаш йўлида хизмат қилади.

2017 йилда Цукерберг ва Гейтс бирлашиб, New Profit мактабларидаги индивидуал таълим дастурлари учун 12 миллион доллар грант ажратишди.

CZI шунингдек New Profit'га Proximity акселераторини яратиш учун 750 минг доллар миқдорида қўшимча грант ажратди, бу ижтимоий тадбиркорларга ўз фаолиятини амалга оширишга ёрдам беради.

Фото: Bloomberg

Breakthrough Energy Ventures жамғармаси — соф энергетика

Breakthrough Energy Ventures'га 2016 йилда асос солинган. Инвесторлар қаторига Цукербергдан ташқари Билл Гейтс, Майкл Блумберг, Рейд Хоффман ва бошқа миллиардерлар киради. Жамғарма соф энергетика, биоёқилғи ва экология ҳамда иқлим учун хавфсиз қурилиш материаллари билан шуғулланишни режалаштирган.

Жамғарма Form Energy ва Quidnet Energy'га 1 миллиард доллар инвестиция киритган. Form Energy ҳамёнбоп ва узоқ вақтга чидамли юқори сиғимли қайта тикланувчи батареяларни ишлаб чиқаради.

Робототехника ва сунъий интеллект

2014 йилнинг мартида Марк Цукерберг, Илон Маск ва Эштон Кутчер инсон мияси неокортексини ўрганувчи ва уни компьютер коди функциясига ўтказишга ҳаракат қилаётганVicarious компаниясига умумий ҳисобда 40 миллион доллар инвестиция киритишди. Неокортекс тана, нутқ ва фикрлаш назорати учун жавоб беради. Инвесторларнинг ҳар бири айнан қанча маблағ сарфлагани номаълум.

Vicarious мия функциясини кодга айлантириш орқали инсон каби фикрловчи ва билим олувчи дастурий таъминотни яратишни режалаштирмоқда. Компания ишланмаларидан бири — тасвир ва видеоларни инсон сифатида қабул қилувчи визуал тизим.

Шунингдек Vicarious сайтларда одамларни роботлардан фарқлаш учун қўлланувчи капчиларни ҳал қилувчи дастурий таъминотни яратди, 2017 йилда эса уни модификация қилди.

Asana

2016 йилда Asana жамоавий ишни режалаштирувчи стартапи 50 миллион доллар сармоя тўплади. Маблағларни йиғишда венчур капиталистлар ҳамда Марк Цукерберг ва Присцилла Чан иштирок этишди. Сармоядорларнинг ҳар бири айнан қанчадан маблағ йўллагани номаълум.

2008 йилда Facebook ҳаммуассиси Дастин Московиц ва Google ҳамда Facebook'нинг собиқ муҳандиси Жастин Розенштейн Asana фаолиятига асос солишди. Asana - жамоавий мулоқот имконига эга вазифалар режалаштирувчиси. Илова тез танилди. Ҳозирда Google, Lyft, Uber, Airbnb каби машҳур компаниялар илова мижозлари ҳисобланади. 2018 йилда компания қиймати 1,5 миллиард долларга баҳоланди.

Фото: Reuters

Океан тадқиқотлари

2018 йилнинг октябрида Chan Zuckerberg Biohub жамғармаси тиббий мақсадларда океанни тадқиқ қилишга доир янги дастури ҳақида эълон қилди, маълум бўлишича, бунга 14 миллион доллар ажратилади. Тадқиқотлар коралларнинг ҳужайра механизмларини ўрганишга йўналтирилган, зеро улар узоқ йиллар давомида саратонга чалинмай яшай олиши ва катталашиши мумкин.

Шу билан бирга, балиқлар мияси ҳужайра регенерациясини ўрганишга ҳам маблағ йўлланади. Ушбу сумманинг 4 миллион доллари микробиомани тадқиқ қилишга ажратилади. Олинган билимлар тиббиётда қўлланилади.

Breakthrough Prize мукофоти

Breakthrough Prize 2012 йилда Юрий Мильнер томонидан таъсис этилган. Дастлаб мукофот фундаментал физикадаги ютуқлар учун топширилар эди, мукофот фонди эса 3 миллион долларни, яъни Нобель мукофотидан икки баравар катта суммани ташкил қилган.

2013 йилда Марк Цукерберг ва Присцилла Чан, Google асосчиси Сергей Брин ва унинг турмуш ўртоғи, хитойлик миллиардерлар Ма Хуатэн ва Жек Ма ташаббусни қўллаб-қувватлашди. Иштирокчиларнинг ҳар бири мукофот фондига қанчадан маблағ йўналтиргани номаълум.

Бироқ биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан мукофот фонди 22 миллион долларгача оширилди. Шу билан бирга, номинациялар сони ҳам кўпайди - тиббиётдаги янгиликлар учун тўрт мукофот ҳамда математика ва физикадаги ютуқлар учун уч мукофот қўшилди. Бундан ташқари, истиқболли илмий ишлар ва тадқиқотлар учун топширилувчи "Янги уфқлар" олтин мукофоти киритилди.

Мавзуга оид