«Менга уй керак. Мирзачўл тумани ҳокими менга уй бермаяпти. Илтимос, эҳтиёжманд оилалар учун қурилаётган уйдан олишимизда ёрдам берсангиз. Иккинчи гуруҳ ногиронман, фарзандим ҳам ногирон, иккимиз ижарада яшаймиз. Жуда қийналиб кетдик. Фарзандим учун дорига пул топайми ёки ижарага пул тўлайми? Аҳволимиз ниҳоятда ачинарли...»
Сиз Жиззах вилояти, Мирзачўл тумани «Мустақиллик» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи С.Н томонидан таҳририятга йўлланган мурожаатнинг қисқача мазмуни билан танишдингиз.
Вазиятни ўрганиш мақсадида Мирзачўл туманига йўл олдик. Туман марказидамиз. Кўча бошида бизни кутиб олган аёл йўл-йўлакай ўз дардини кўзда ёш билан айта кетди:
— Жуда қийналиб кетдик. Уйимизда шароит йўқ. Ижарада яшаймиз. Ишлай десак — иш йўқ. Аёл бошим билан рўзғорни ўзим таъминлайман. Ногирон фарзандимга қарайман. Турмуш ўртоғим ҳам вақтинча ишсиз. Жуда кўп жойга мурожаат қилдим. Халқ қабулхонаси, туман, вилоят ҳатто Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, хуллас, бормаган жойим қолмади. Ҳамма жойда бир хил жавоб: «Сизга туман ҳокимлиги уй бериши керак». Лекин уйдан дарак йўқ. Менинг мурожаатларимга Мирзачўл туман ҳокимлиги панжа ортидан қараб келмоқда. Туман ҳокими ва адлия бошқармаси раҳбари бир бўлиб мени қўрқитиб, тушунтириш хати ёздириб олди. Менга «ёзувчи» деб лақаб ҳам қўйишган. Алам қилгани шуки, Мирзачўл тумани ҳокими Комил Холмуродов «Яна бир марта юқори ташкилотларга мурожаат қилсанг сени маъмурий жавобгарликка тортаман», деб қўрқитди. Менга ёрдам беринг.
Мирзачўл тумани ҳокимлигидамиз. Келтирилган эътирозларга туман ҳокими Комил Холмуродов шундай жавоб қилди:
— Мурожаатчи С.Н.ни жуда яхши танийман. Қабулимда бўлган. У 2018 йил кузида бизга уй олиши масаласида мурожаат қилган эди. Аризачини 2019 йилда уй олувчилар рўйхатга киритиб қўйганмиз, аммо С.Н.га биз тавсия қилаётган уйлар ёқмаяпти. Биттасининг ёнида катта кўча ўтган бўлса, яна бирининг ёнида ариқ ўтган, дейди. С.Н.га унинг талаблари даржасида уй қуриб бериш ва топиш учун менда ваколатнинг ўзи йўқ. Биз мурожаатчининг ва фарзандининг ногиронлигини ҳисобга олиб, рўйхатга киритганмиз. Лекин шуни унутмаслик керакки, туманда С.Н.дан бошқа ҳам шароити оғир, уйга муҳтожлар бор. Менга нисбатан келтирилган айбловлар бўйича шуни айтишим лозимки, мен С.Н.ни қўрқитиб ёки тайзиқ ўтказиб тушунтириш хати ёздириб олганим йўқ, рости, бу айбловга ажабланмайман, чунки мурожаатчи бу ерда ишлаётган барча ходимларни турли айбловлар билан айблаб керакли жойларга хат билан мурожаат қилган. Кейингиси сиз бўлишингизга ҳам шубҳа қилмайман. Уни огоҳлантирганимни тан оламан, чунки туҳмат учун жавобгарлик борлигини эслатиб қўйишни бурчим, деб биламан.
Бунинг устига, комиссия томонидан унинг аҳволи ўрганилганда номида уйи борлиги аниқланган. Айни кунларда суриштирувлар бошланиши билан мурожаатчи ўз номидаги уйни қайноғасининг номига ҳадя тарзда нотариус орқали расмийлаштириб берган. Давлат томонидан ажратилаётган уй-жойлар эса қарорга асосан уй жойи йўқ муҳтожларга берилиши керак эмасми? Мен қонун доирасида иш қиляпман. Шундай бўлишига қарамай, биз мурожаатчига уй берилмайди, демадик. Рўйхатга киритдик.

















