Ўзбекистон | 20:06 / 21.01.2021
4938
3 дақиқада ўқилади

Мирзачўлдаги кимёвий ўғит цехи учун экоэкспертиза хулосаси олинмаган — Экология бошқармаси

Kun.uz Мирзачўл тумани Ипак йўли маҳалласи ҳудудида кимё корхонасининг қурилиши ва унинг таъсирида ён-атрофда яшаётган фуқароларнинг безовта бўлаётгани ҳақида мақола эълон қилган эди. 

Жиззах вилояти Экология бошқармаси ахборот хизматидан маълум қилишларича, бу корхона давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси бўлмаса-да, ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйган.

Ўрганиш давомида аниқланишича, «Ипак йўли» ҚФЙ ҳудудида «Зилол булоқ» МЧЖ томонидан кимёвий ўғитларни ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш учун, «Давлат экологик экспертизаси тўғрисида»ги қонунга мувофиқ фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини белгилаш ҳамда мазкур объектни рўёбга чиқариш мумкинлигини аниқлаш юзасидан давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси олинмаган.

Шунга қарамай, корхона ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйган.

Бундан ташқари, давлат санитария эпидемиология назоратининг ҳудудий бошқармасига мурожаат қилинганида, корхона 0350-17-сон «Ўзбекистон Республикаси аҳоли яшаш жойлари атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш санитария меъёр ва қоидалари»га зид равишда фаолият юритаётгани юзасидан хулоса берилган.

«Ўтказилган ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, Жиззах вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан аниқланган ҳолат юзасидан «Зилол булоқ» МЧЖ раҳбарига Ўзбекистон Республикаси «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 24 ва 25-моддаларига асосан расмий огоҳлантириш хати ва кўрсатмалари тақдим этилди», – дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Жиззахда қулаган бино масъуллар ҳам у барпо этилишидан аввал тегишли ташкилотлар томонидан огоҳлантирилган. Хусусан, Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мазкур объектда бажарилаётган қурилиш-монтаж ишларининг лойиҳага мослиги, бажарилган ишларнинг сифати устидан 6 марта назорат тадбирлари ўтказиб, аниқланган камчиликларнинг бартараф этилиши юзасидан буюртмачи ва пудратчи ташкилот «Баракали Қоракўл Чорвадор» фермер хўжалигига тегишли тавсиялар берган. Шунга қарамай, бино қурилиши тўхтатилмаган.

Мавзуга оид