Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг асосий вазифалари маълум бўлди
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Ҳужжат билан қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигининг ваколатли вакиллари ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг тегишли ҳудудий бўлинмалари негизида Вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар)даги ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.
Белгиланишича, Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Белгилаб қўйилишича, Вазирлик:
ягона давлат инвестиция сиёсатини амалга ошириш, хорижий, биринчи навбатда, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишни мувофиқлаштириш, халқаро молия институтлари (бошқарув офислари) ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек, ташқи савдо ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик соҳасида ягона давлат сиёсатини шакллантириш ва мувофиқлаштириш учун масъул ваколатли давлат органи ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган ўрта муддатли инвестиция сиёсати стратегияси ва Ўзбекистон Республикасини 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепцияси асосида ҳудудлар ва тармоқларнинг ривожланиш концепцияларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштиради;
мамлакатнинг ташқи иқтисодий манфаатларини илгари суриш, Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолияти иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш доирасида вазирлик ва идоралар, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштиради;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда экспортни қўллаб-қуватлаш стратегиясини, шу жумладан, уни рағбатлантирувчи инструментларни ишлаб чиқади ва амалга оширилишини таъминлайди;
халқаро ва хорижий ҳукумат молия институтларининг жалб қилинадиган кредит ресурслари ва техник кўмаклашиш воситалари (грантлари)дан, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларидан, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари ҳисобидан марказлашган инвестициялардан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;
идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, Давлат ветеринария қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат санитария-эпидемиология назорати республика марказининг ички ва ташқи бозорлардаги савдо фаолиятига таъсир қилувчи чораларни қўллаш қисми бўйича ҳаракатларини қонунчиликда белгиланган тартибда мувофиқлаштиради.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда давлат органлари ваколатларининг инвестициявий, шунингдек, савдо фаолиятига таъсир этиш нуқтаи назаридан хатловдан ўтказилишини таъминлайди ва қўлланиладиган чораларни Вазирлик билан келишиш тартибини тасдиқлайди.
Вазирликнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
ягона давлат инвестиция сиёсатини амалга ошириш, давлат ривожланиш дастурлари ва инвестиция дастурлари, шу жумладан, тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурлари ишлаб чиқилиши ва самарали амалга оширилишини мувофиқлаштириш;
хорижий инвестицияларни жалб қилиш ишларини мувофиқлаштириш, халқаро иқтисодий ва молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан икки томонлама ва кўп томонлама форматда ўзаро самарали ҳамкорликни амалга ошириш;
давлат органлари ва ташкилотларининг, Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳамда хорижий молия ва иқтисодий институтлардаги доимий вакилларининг, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг хорижий муассасаларида ташқи иқтисодий фаолият масалалари билан шуғулланувчи ходимларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;
Ўзбекистон Республикасининг инвестициявий ҳамкорлик масалалари борасидаги халқаро шартномаларини тайёрлаш, келишиш ва имзолашда иштирок этиш;
инвесторлар билан доимий қайта алоқани йўлга қўйиш, инвестицияларни жалб қилишда ҳудудлар ва маҳаллий компанияларга кўмаклашиш, инвестиция таклифларини ишлаб чиқишни ташкиллаштириш;
ташқи савдо соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, Экспортни қўллаб-қувватлаш миллий тизимининг самарали ишлашига кўмаклашиш ва таъминлаш, ташқи савдо фаолиятини тартибга солиш соҳасида давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;
савдода тариф ва нотариф тартибга солиш чораларини қўллаш ҳамда электрон тижорат тартиб-таомилларини такомиллаштириш билан боғлиқ тадбирларни мувофиқлаштириш;
Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар билан савдо алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини қўллаб-қувватлаш;
Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва бошқа кўп томонлама иқтисодий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш;
улгуржи ва биржа савдоларини тартибга солиш масалаларини мувофиқлаштириш, бозор ҳолатини мониторинг ва таҳлил қилиш, маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ва товарлар нархлари тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиш;
ташқи савдо инфратузилмасини ривожлантириш, шу жумладан, транзит салоҳияти даражасини ошириш, логистика ва транспорт йўлакларини такомиллаштириш, шунингдек, экспорт маршрутларини диверсификация қилиш масалаларини илгари суриш.
Мавзуга оид
08:10 / 12.11.2024
Ўзбекистонга Саудия компанияларининг қарийб 2,5 млрд долларлик инвестициялари жалб этилади
20:55 / 02.11.2024
Ўзбекистонда электр энергияси ва метан гази олиш учун 8 та чиқинди ёқиш заводи, 1 та чиқинди полигони қурилади
21:16 / 31.10.2024
Президент Навоий вилоятида йирик ва стратегик лойиҳалар билан танишди
22:46 / 26.10.2024