Жамият | 12:01 / 01.02.2019
10699
1 дақиқада ўқилади

Паст Дарғомда солиқ идораси ходими фириб йўли билан фермердан пул ундирмоқчи бўлди

Иллюстратив фото

Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманидаги фермер хўжаликларидан бирининг раҳбари Д.А. солиқ бўйича тўловлардан қарздорлигини аниқлаш учун туман давлат солиқ инспекциясига борганида инспекциянинг камерал назорат бўлими катта инспектори Э.Б. унга қарашли бўлган фермер хўжалигининг солиқ тўловлари ва пенядан умумий қарздорлиги 2 миллион 732,12 минг сўм эканлигини айтади.

Шундан сўнг Э.Б. ўз ваколатига кирмайдиган вазифа — Д.А. бошқарувидаги фермер хўжалигининг 2 миллион 732,12 минг сўм солиқ қарздорлигини 1 миллион 500 минг сўм эвазига йўқ қилиб беришга ишонтиради.

Д.А. ушбу ҳолат юзасидан вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ариза билан мурожаат қилади. Ўтказилган тезкор тадбир чоғида Э.Б. далилий ашё билан қўлга олинади.

Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда, деб хабар беради Kun.uz’нинг Самарқанддаги мухбири.

Мавзуга оид