Жамият | 10:40 / 01.02.2019
6236
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги бекатларга кузатув камералари ўрнатиш таклиф қилинди

Фото: Depositphotos

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида бекатларга кузатув камераларини ўрнатиш ҳақида петиция жойлаштирилди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳри йўлларидаги кузатув камераларининг деярли ҳаммаси фақат йўлга қараган, улар автотранспортларнинг ҳаракатини кузатиш учун мўлжалланган. Лекин, қоида энг кўп бузиладиган жойлардан бири - бекатлар назоратдан четда қолиб кетмоқда. 

“Оддий мисол, айрим автобус, йўналишли таксиларнинг бекатда ҳаддан ташқари қолиб кетиши, бекатларнинг кириш қисмини тўсиб қўйиши, иккитадан қатор ҳосил қилиши, хавфли манёврлари, айрим ҳайдовчиларнинг бекатларнинг ўртасига машиналарини ташлаб кетишлари, бекатнинг исталган қисмида тўхташлари кузатилади. Камералар аввало хавфсизликни таъминласа, бошқа томондан транспорт воситаларининг тартибли ҳаракатининг гарови ҳисобланади”, - дейилади мурожаатда. 

Бекатларга камера ўрнатилган мамлакатлар қаторига - Россия, Жанубий Корея, АҚШ, Япония, Буюк Британия ва бошқа мамлакатларни мисол қилиш мумкин. Камера мавжудлиги очиқчасига қоида бузилишининг олдини олади ва турли хил кўнгилсиз ҳолатларда тўғри ва керакли чораларни қўллаш имконини беради. 

“Айрим ҳолатларда бекатлардаги ойналарнинг синганини кўрамиз ёки жамоат транспорти ҳайдовчиларининг жанжалларига гувоҳ бўламиз, камералар айнан шу масалаларни ҳал қилишда анча ёрдам беради, баъзи ҳолларда ҳатто олдини ҳам олади”, - деб ёзади петиция муаллифи.

“Шу сабабли Тошкент шаҳридаги барча автобус бекатларига ҳеч бўлмаганда биттадан кузатув камераларини ўрнатиш зарур. Бу камералар бир вақтда ҳам йўловчиларни ҳам бекатлардаги транспортлар ҳаракатини кузатиш ва қоидабузарликларнинг олдини олиш имконини беради”, - дейилади мурожаатда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ автобусларга кузатув камераларини ўрнатиш таклиф қилинганди.

Мавзуга оид