Жамият | 20:37 / 02.02.2019
11904
4 дақиқада ўқилади

Мажбурий ижро бюроси ажрашган оилаларни яраштирмоқда

Мажбурий ижро бюроси саъй-ҳаракатлари туфайли ажрашган оилалар яраштирилаётгани ҳақида олдин ҳам хабар берган эдик.

Албатта, оила — муқаддас. Унинг асраб-авайлаш ҳар бир инсоннинг бурчи. Бироқ айрим сабабларга кўра, ажрашиб кетганларни яраштириш осон иш эмас. Мажбурий ижро бюроси ходимларининг бу борадаги хайрли ишлари таҳсинга сазовор. Алимент билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш мақсадидаги иш жараёнида тушунтиришлар самара бериб кўплаб оилаларни яраштириб қўйилмоқда.

МИБ Самарқанд вилоят бошқармаси матбуот хизматининг Kun.uzʼга маълум қилишича, жорий йилнинг январь ойи давомида 47 та шундай оила ўзаро ярашишни лозим топди. Бундай оилалар сони Нарпайда 13 тани, Пайариқда 12 тани, Иштихонда 6 тани, Каттақўрғон шаҳрида 5 тани, Каттақўрғонда 4 тани ва Қўшработда 3 тани ташкил этади. Тикланган оилалар эса бундан мамнун.

Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг суд буйруғига асосан қарздор Р.Бердиевдан ундирувчи З.Бозорованинг фойдасига 3 нафар фарзандининг моддий таъминоти учун иккидан бир қисми миқдорида алимент ундириш лозим эди. Мажбурий ижро бюроси ходимлари олиб борган тушунтириш ишлар натижасида бу оила ярашган.

Шунингдек, фуқаро Ж.Ботиров ҳам Ҳ.Зарипова фойдасига бир нафар фарзандининг таъминоти учун алимент тўламаган, тушунтиришлардан сўнг ундирувчи Ҳ.Зарипова қарздор билан ярашган.

Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг суд буйруғига асосан қарздор А.Амирқуловдан ундирувчи Г.Қудратова фойдасига икки нафар фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ҳамда қарздор Б.Эргашовдан ундирувчи Л.Суюнованинг фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари юзасидан тарафлар билан ўтказилган суҳбат давомида бу икки оила ҳам ярашган.

ФИБ Жиззах туманлараро судининг суд буйруғига асосан қарздор Б.Исматовдан ундирувчи Д.Исматованинг фойдасига фарзандининг моддий таъминоти учун учдан бир қисми миқдорида алимент ундирилиши лозим эди. Мажбурий ижро бюроси ходимлари олиб борган тушунтириш ишлар натижасида бу оила тикланган.

ФИБ Пайариқ туманлараро судининг суд буйруғига асосан қарздор Д.Қаршибоевдан ундирувчи М.Эрназарованинг фойдасига уч нафар фарзандининг моддий таъминоти учун иккидан бир қисми миқдорида алимент ундирилиши белгиланган. Олиб борган тушунтириш ишлар натижасида бу оила ҳам ярашган.

Бугунги кунда Мажбурий ижро бюроси томонидан олиб борилган тушунтириш ишларида оила муқаддаслиги, вояга етаётган фарзандларнинг тақдирига бефарқ бўлмаслик, уларнинг келажакда Ватан учун керакли инсон бўлиб етишиши ва ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишида ота-ота бирдек масъул эканлиги ва фарзандлар уларнинг бирдек тарбия ва меҳрига муҳтож эканлиги мунтазам тушунтириб борилмоқда. Албатта, бундай хайрли ишлар давом этаверади.

Мавзуга оид