Расмий статистика оилавий ажримлар сони ортганини кўрсатмоқда. Лекин рақамлардан ҳам хавотирлироқ жиҳатлар бор. Хўш, ажримларга нима сабаб бўляпти? Чиндан ҳам кўпчилик “характер тўғри келмаётгани” учун ажрашяптими? Ёки оила бузилиши кўпроқ учинчи шахс аралашуви туфайлими? Kun.uz соҳа мутахассисларига микрофон тутди.
“Характер мос келмади” – жавобми ёки жавобдан қочиш?
Ўзбекистонда 2025 йил ҳолатига кўра ҳар 1000 та оиланинг 175 таси ажрашган. Расмий маълумотларга кўра, 2024 йилда ажримларнинг 54 фоизи “характерлар тўғри келмаслиги” ортидан юз бергани қайд этилган. Психология фанлари доктори, профессор Хўжагелди Алимовга кўра, бу ибора кўп ҳолларда аниқ сабабларни тушунтириш ўрнида қўлланмоқда:
“Характер бу ажралишга арзийдиган сабаб. Куёвдан характер ўзи нима деб сўрасак, жавоб бера олмайди. Келин ҳам жавоб бера олмайди. Уларга ўзингиз билмаган нарса сабабли ажралиш кулгили эмасми деймиз.
Ўша характерлар тўғри келмайди деган сўзнинг замирида ўзлари ҳам гоҳида англамаган сабаблар ётади ва мана шу характерлар тўғри келмади деган ибора билан ўша ўзлари кўрмаган сабабларни ёпиб қўйишади.
Аввалги муомала, боболаримиз давридаги психология қарийб йўқолди ва оилага бўлган муносабат анчагина ўзгарди”.
Ажримни қийинлаштириш ечимми?
Оила институтини мустаҳкамлаш мақсадида яраштириш муддатини 6 ойдан 1 йилгача узайтириш таклифи илгари сурилди. Бироқ ҳуқуқшунослар бу масалага бир томонлама ёндашмаслик кераклигини таъкидлайди. Юридик фанлар доктори Феруза Муҳиддинова таъкидлашича, ажрашишлар фақат ёшлар ўртасида эмас, балки катта ёшдагилар орасида ҳам кўп учрамоқда:
“Бир томондан қараш керак эмас, фақатгина ёшлар эмас, неваралилар ҳам ажрашяпти. Ажримлар бўйича 40 000 дан ошиқ мурожаатлар бор. Буларга нима бўляпти десангиз, учинчи шахс аралашуви чиқиб қоляпти. Учинчи шахс ким? Ёшлар айтади: “қайнона-қайнота”. Ёши катталардан сўрайдиган бўлсангиз: “турмуш ўртоғим ёш хотин хоҳлаб қолибди” деган тушунчалар келиб қоляпти. Уларга кетма-кет яраштириш муддат беришяпти, аслида умуман бирга яшашмайди. Келин кетганига уч-тўрт йил бўлган, боласи билан онасининг уйида яшайди. Кимнингдир уйида ишлайди, зўрға пул топади. Эркак ҳам алимент тўламайди, ҳам қарамайди, бошқа билан яшайди”.






