23:22 / 03.02.2019
7327

Моратанинг «Атлетико»даги дебюти муваффақиятсиз чиқди

Испания чемпионатининг 22-турида «Бетис» Мадриднинг «Атлетико» клубини қабул қилди. Севильядаги «Бенито Вильямарин» стадионидаги учрашув мезбонларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Ўйиндаги ягона гол муаллифи «Бетис» яримҳимоячиси Серхио Каналес бўлди, у 65-дақиқада пенальтини аниқ ижро этди.

Бу ўйинда мадридликлар клубида дебют қилган Альваро Мората 90 дақиқа майдонда бўлди, лекин ўзини кўрсата олмади.

«Атлетико» учун бу Испания чемпионатидаги иккинчи мағлубият бўлди. Диего Симеоне жамоаси 18 учрашувдан буён мағлуб бўлмай келаётганди, жамоа 11 ғалаба ва 7 дуранг қайд этганди.

Қайд этиш керакки, «Бетис» учун бу «Атлетико» устидан кейинги 7 йилдаги илк ғалаба бўлди, севильяликлар охирги марта 2011 йилнинг декабрида сафарда мадридликларни мағлуб этолганди. «Бетис» Мадрид клуби билан шундан кейин 12 ўйинда ғалаба қозонолмаган (9 мағлубият ва 3 дуранг). Севильликлар уй ўйинларида 13 йилдан буён «Атлетико»ни енга олмаётганди – 2006 йилнинг январидан буён.

Бугунги мағлубиятдан кейин, Мадрид клуби турнир пешқадами «Барселона» билан орадаги фарқни қисқартириб ололмади. 2 февраль куни, каталонияликлар ўз майдонида «Валенсия»га қарши ўйинда очко йўқотганди (2:2). Энди жамоалар ўртасидаги фарқ 6 очкони ташкил қилмоқда. «Бетис» эса 32 очко билан олтинчи ўринда жойлашган.

Испания чемпионати
22-тур
Бетис – Атлетико 1:0 (0:0, 1:0)
Гол: 1:0 – 65, пенальти Каналес.
Бетис – Лопес, Бартра (Сидней, 52), Феддаль, Барраган, Манди, Каналес, Герреро (Фирпо, 73), Санчес (Гарсия, 84), Каптум, Гуардадо, Леон.
Атлетико – Облак, Хименес, Хуанфран, Арьяс (Филипе Луис, 46), Люка Эрнандес, Родри Эрнандес, Парти, Лемар (Витоло, 63), Корреа (Калинич, 75), Мората, Гризманн.
Огоҳлантиришлар: Арьяс (40), Корреа (41), Люка Эрнандес (51), Манди (82), Фирпо (83), Леон (85), Лопес (87).

Top