Чемпионлар лигаси. 1/4 финал

«Атлетико» – «Барселона» 1:2
Голлар: Ямал, 4 (0:1). Торрес, 24 (0:2). Лукман, 31 (1:2)
«Атлетико»: Муссо, Молина, Ле Норман, Лангле, Руджери, Симеоне (Гонсалес, 66), Лиоренте, Коке (Кордоза, 89), Лукман (Баэна, 66), Гризманн (Сёрлот, 76), Алварес
«Барселона»: Гарсия, Кунде, Гарсия, Мартин, Канселу (Араухо, 89), Гави (де Йонг, 81), Педри, Ямал, Олмо (Баржи, 89), Фермин (Рэшфорд, 68), Торрес (Левандовски, 68)
Огоҳлантириш: Гави, 69.
Четлатиш: Э. Гарсия, 79.
Биринчи учрашув: 2:0

«Барселона» Чемпионлар лигасини тарк этди. Ҳанс-Дитер Флик жамоаси «Атлетико»га қарши жавоб баҳсида биринчи ўйиндаги икки тўп фарқини йўққа чиқара олди, аммо тўлақонли камбэк рўй бермади. Мадридликлар керакли паллада ўз голини уришди ва бош соврин учун курашда қоладиган бўлди.

«Барса» илк дақиқалардан ремонтада учун ҳаракатни бошлади ва ўйиннинг 33-сониясидаёқ ҳисобни очиши мумкин эди. Ямал марказдан ажойиб юришни амалга оширди ва қулай позициядан зарба берди. Аммо Муссо Облакнинг ўрнини бежиз тортиб олмаганини яна бир бор намойиш этиб, қойилмақом сейв амалга оширди. Лекин тўрт дақиқа ўтиб Ламин барибир ўз мақсадига эришди. «Барса»нинг собиқ ҳимоячиси Клеман Лангле Ямалнинг прессингига дош беролмади ва тўпни рақибга олдириб қўйди. Торрес вингерни Муссо билан яккама-якка вазиятга чиқарди ва Ламин бу сафар тўпни дарвозабоннинг оёқлари орасидан ўтказди.

Ўз вақтида Европанинг энг ишончли ҳимоясига эга жамоаси сифатида таърифланган «матрасчилар» орқа чизиқда хатога йўл қўйишда давом этишди. Доимий равишда кимдир сусткашлик қилар, позицияни йўқотар ва рақиб учун бўшлиқлар қолдирарди. Муссо Олмо билан яккама-якка вазиятда яна бир бор қутқаришига тўғри келди, аммо 24-дақиқада меҳмонлар барибир иккинчи голни уришди. Олмо тўпни ҳимоячилар ортига очилган Торресга ташлаб берди, ўйинни жуда бўш ўтказган Лангле бу сафар ҳам пас йўлини тўса олмади ва форвард эпизодни осонлик билан ҳал қилди – 2:0.

Мезбонлар ўйиндаги илк голли вазиятни бўлим ўрталарига келиб яратишди. Лукман дарвозабон ҳудудига пас узатди, Гризманн зарба берди, аммо Мартин тўп йўлини тўсиб қолди.