Жаҳон | 21:15 / 04.02.2019
5446
3 дақиқада ўқилади

Facebook 15 ёшга тўлди

4 февралда дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқ Facebook ташкил топганига 15 йил тўлди. Ижтимоий тармоққа 2004 йилда Марк Цукерберг, унинг Гарвард университетида ўқиши давомида хонадошлари бўлган Эдуардо Саверин, Дастин Московиц ва Крис Хьюз томонидан асос солинган.

Дастлаб сайт Thefacebook деб номланган, унда фақатгина Гарвард талабалари рўйхатдан ўта олишган. Сўнгра ижтимоий тармоқда Бостондаги университетлар, сўнгра эса .edu доменида электрон манзилга эга бўлган АҚШдаги барча таълим муассасаларининг талабалари рўйхатдан ўта олишган.

Ижтимоий тармоқ 15 йиллик фаолияти давомида тобора катталашиб, бойиб борди. Компания охирги йилларда бир қатор компаниялар, жумладан Instagram ва WhatsApp’ни сотиб олган.

2018 йил 31 декабрь ҳолатига кўра, Facebook’да 35587 киши ишлаган. Декабрь ойи давомида ижтимоий тармоққа кунига ўртача 1,52 млрд фойдаланувчи ташриф буюрган, ойлик ўртача ташриф 2,32 млрд кишини ташкил қилган. Компаниянинг 2018 йилдаги тушуми 55 млрд долларни ташкил қилиб, 2017 йилга нисбатан 38 фоизга ошган, соф даромади эса 22,1 млрд долларга етган. 

Цукерберг дунёнинг энг бадавлат одамлари рўйхатида биринчи ўринлардан бирини эгаллайди, 1 февраль ҳолатига кўра, унинг бойлиги 66 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилган. 

Санаб ўтилган муваффақиятларга қарамай, 2018 йил компания учун мураккаб кечди. Компания фойдаланувчилар маълумотлари сизиб чиқиб кетиши билан боғлиқ бир неча можаролар марказида қолган. Бу соҳадаги бир неча қоидабузарликлар ижтимоий тармоқ нуфузига нафақат путур етказган, балки Европа Иттифоқида унга янги жарималар солиниши билан хавф солмоқда. Бу вазият эса компания ходимларига ўз таъсирини ўтказмай қолмаган: ҳозирда улар компаниянинг келгуси тақдирига унча ишонқирамай қарашмоқда.

Ўтган йилк Цукерберг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида босиб ўтилган йўл ҳақидаги фикрлари билан бўлишган: 

“Бу йиллар давомида мен тасаввур қилиш мумкин бўлган хатоларнинг деярли барчасига йўл қўйдим. Ўнлаб техник хатолар ва ёмон шартномалар бўлди. Мен номуносиб одамларга ишонч билдирдим, истеъдодли одамларни нотўғри ўринларга қўйдим ва муҳим трендларни бой бердим”, деб ёзган тадбиркор.

Мавзуга оид