Ўзбекистон | 19:54 / 04.02.2019
11671
5 дақиқада ўқилади

Президент иштирокидаги йиғилишда хорижий давлатлар билан ҳамкорликка оид «йўл харита»лари ижроси кўриб чиқилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 февраль куни Германия, Франция, Ҳиндистон ва Бирлашган Араб Амирликлари билан икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, қабул қилинган «йўл харита»ларини сўзсиз ижро этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Инвестиция – иқтисодий тараққиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучидир. Шу боис бу масала давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. 2019 йил мамлакатимизда «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб эълон қилинди. Бу соҳадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташкил этилди.

Йиғилишда мамлакатимиз иқтисодиётига инвестицияларни жалб этиб, улар асосида бизнесни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш бўйича муайян ишлар амалга оширилаётгани, лекин булар ҳали етарли эмаслиги таъкидланди. 

– Инвестиция билан шуғулланувчи кадрлар етишмайди. Инвесторлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, мавжуд инфратузилмани ривожлантириш зарур. Шу боис бу соҳа бўйича ҳали яна кўп ишлашимиз, изланишимиз керак. Ташқаридан инвестиция кирмаса, мамлакат ривожланмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг етакчи хорижий давлатлар билан алоқалари жадал ривожланиб, янги мазмун билан бойиб бормоқда. Сиёсий мулоқотлар ва делегациялар алмашуви фаоллашяпти.  

Давлатимиз раҳбарининг хорижий мамлакатларга ташрифлари давомида ўзаро ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари янги босқичга кўтарилгани, Ўзбекистон билан Германия, Франция, Ҳиндистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида умумий қиймати 14 миллиард АҚШ доллардан ортиқ бўлган манфаатли шартнома ва келишувлар имзолангани қайд этилди.

Жумладан, Франция ва Германия каби нафақат Европа Иттифоқи, балки жаҳоннинг етакчи давлатлари Ўзбекистоннинг ишончли ва истиқболли шерикларидан бўлиб, ташрифлар ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда. 

Ушбу мамлакатлардан аввало, замонавий технологиялар, инновациялар, илғор тажриба ва бошқарув менежментини юртимизга жалб этиш энг устувор вазифадир.

Инвестициявий лойиҳалар бўйича битим ва келишувларнинг бажариш муддати, масъул идоралар ва шахслар «йўл харита»ларида аниқ кўрсатилган.

Давлатимиз раҳбари халқимиз фаровонлигига хизмат қилувчи истиқболли лойиҳаларни ўз вақтида ва тўлиқ бажариш зарурлигини таъкидлади. 

Шу мақсадда Германия билан тузилган Инвестиция ва технологиялар бўйича қўшма қўмитанинг ишчи гуруҳи «Йўл харитаси»даги лойиҳалар мониторинги ва сўзсиз амалга оширилишига жавоб беради. Шундай тизимли ишни бошқа давлатлар билан ҳам татбиқ қилиш кераклиги қайд этилди. 

Президентимиз ўтган йили октябрь ойида Нью-Деҳлида ва шу йил январь ойида Гужаротда Ҳиндистон Бош вазири Моди билан учрашиб, ушбу ташрифлар натижасида салкам 3,5 миллиард долларга тенг инвестициявий лойиҳалар ва савдо битимларини амалга оширишга келишиб олинган эди. Ушбу битимлар ахборот-коммуникация технологиялари, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, инновация, қишлоқ хўжалиги, агрокластерлар, таълим каби соҳаларга тегишлидир. 

Андижонда фармацевтика соҳаси бўйича биринчи қўшма эркин иқтисодий зонаси ва Шарда университети, Тошкентда технопарк ва Амити университетининг очилиши, замонавий тиббиёт клиникалари қурилиши ва шу каби қатор лойиҳалар тўлиқ ижро этилиши зарурлиги қайд этилди. 

Араб-мусулмон дунёсида катта нуфузга ва улкан салоҳиятга эга Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳам икки ва кўп томонлама ҳамкорликни давлатларимиз имкониятларига мос даражага кўтариш йўлида изчил қадамлар ташланмоқда. Кейинги пайтларда ушбу мамлакат билан делегациялар алмашуви фаоллашиб, лойиҳалар бўйича жадал тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Йиғилишда БААнинг молиялаштириш имкониятлари ва инвестицияларини Ўзбекистонга жалб қилиш хусусида ҳам сўз юритилди. 

«Йўл харита»ларидаги ҳар бир лойиҳа сифатли ва ўз муддатида бажарилишига эришиш, муаммоли лойиҳалар бўйича янги ҳамкорларни излаб топишга асосий эътибор қаратиш кераклиги қайд этилди.

Йиғилишда хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантиришга қаратилган бу каби қатъий саъй-ҳаракатлар мамлакатимизнинг барқарор тараққиётига ва халқимиз фаровонлигига хизмат қилиши таъкидланди. 

Хорижий инвестициялар бўйича эришилган келишувларнинг ижроси юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти эшитилди.  

Мавзуга оид