Жамият | 11:10 / 05.02.2019
34859
2 дақиқада ўқилади

ДХХ Чегара қўшинлари гиёҳванд моддалар ва товар моддий бойликларнинг катта партиясини қўлга олди

Чегара қўшинлари вакилининг сўзларига кўра, мамлакат чегарачилари шу йилнинг январь ойи охирлари ва февраль ойи бошларида гиёҳванд моддалар ва товар моддий бойликларнинг йирик партиясини ушлашди.

Олинган маълумотлардан маълум бўлишича, 29 январь куни Ўзбекистон Республикаси фуқароси С.Хайитов Тошкент тумани Тутзор чегараолди аҳоли пунктида чегарачилар томонидан қўлга олинган. Уни кўздан кечириш чоғида, умумий оғирлиги тахминан 2 килограмм 500 грамм бўлган гиёҳванд моддалар (1 кг. 900 г марихуана ва 600 г гашиш) аниқланди.

Шу куни Наманган вилоятининг Заркент чегараолди аҳоли пунктида З.Ортиқов чегара наряди томонидан қўлга олинди. У ўзининг «Мерседес» автомобилида белгиланган қоидаларни четлаб ўтиб, Ўзбекистонга давлат чегараси орқали умумий қиймати 172 млн сўм бўлган 57 та телевизор ва 2 та электр печни олиб кирган.

Жорий йилнинг 1 февраль куни. Тошкент вилоятининг Бекобод туманида Тожикистон фуқароси Ф.Холматов товар-моддий бойликларни ноқонуний равишда олиб ўтишга уриниш учун қўлга олинди. У ноқонуний тарзда чегарадан умумий қиймати 100 млн сўм бўлган тамаки маҳсулотларини (9,6 минг қути сигарет) олиб ўтишга ҳаракат қилган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан қўлга олинган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси амалдаги қонунчилиги доирасида тегишли чоралар кўрилди.

Мавзуга оид