Йўлларнинг ҳолати – фуқароларнинг маҳаллий ҳокимият иши ҳақидаги фикрларини шакллантирадиган муҳим омилдир. Миллионлаб одамлар ҳар куни шу йўлларни босиб ўтади, ишга, юмушга боради. Агар йўлларнинг ҳолати яхши бўлса, одамларнинг оғири енгиллашади, узоғи яқинлашади, турмуш шароити яхшиланади, турли қулайликлардан баҳраманд бўлишади. Агар ёмон бўлса-чи? Йўлларнинг расволиги натижасида оғири янада оғирлашаётган, оддий қулайликлардан мосуво бўлаётган аҳолининг кайфияти қандай бўлиши мумкин?
Kun.uz таҳририятига келган мурожаатлардан бири айнан шу мазмунда бўлди. Унда Хоразм вилояти Урганч тумани Амударё маҳалласидаги йўлларнинг аҳволи жуда ёмонлиги, натижада аҳолининг муаммолари кўпайиб бораётгани ҳақида ёзилган эди.
Мурожаат асосида маҳаллага бориб, вазиятни ўргандик, аҳоли билан суҳбатлашиб, муаммолари тўғрисида маълумотлар олдик.
Урганч тумани Ғалаба қишлоғидаги Амударё маҳалласида 200дан ортиқ хонадонда 1500дан ортиқ киши истиқомат қилади. Маҳаллани вилоят маркази Урганч шаҳридан 3 километр масофа, Наврўз шаҳарчасидан эса атиги битта заҳкаш ажратиб туради. Маҳаллий такси ҳайдовчилари орасида у «Ҳаёт йўқ маҳалла», яъни «дунёдан узилган маҳалла» номи билан машҳур. Йўлларининг расволиги туфайли «дунёдан узилиб қолиши», электр энергияси таъминотидаги тез-тез узилишлар, аҳолининг оддий маиший қулайликлардан маҳрум экани шундай номга сабаб бўлган.
Маҳаллага қўшни бўлган Наврўз шаҳарчаси билан таққослайдиган бўлсак, аҳоли учун мавжуд шароитларда жуда катта фарқ борлигини кўриш, гўё бу маҳалла туман учун «ёт, ўгай» бўлиб қолгандек тасаввурга бориш мумкин.
Амударё маҳалласида йўл йўқ деса ҳам бўлади. Агар тупроқ тортилган, ёзда чанг-тўзон бўлиб ётадиган, қишда ботқоққа айланадиган сўқмоқларни йўл деб ҳисоблаш мумкин бўлса, бор. Маҳалла йўллари айнан шундай.
«Ёмғир ёки қор ёғиши билан маҳалламиз йўллари ўтиб бўлмас даражага келиб қолади, чунки тош ётқизилмаган, асфальт қилинмаган. Ёзда эса чанг-тўзон остида қоламиз. Январь ойида кучли ёғингарчилик бўлди, натижада, йўлларнинг расвоси чиқди. Фарзандимни мактабга юборганимда, йўлда лойга йиқилиб, кийимларини булғаб, 3 марта уйга қайтиб келди. Ҳар сафар кийимини алмаштириб, мактабга қайтариб юборганман», - деди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Шарофат Норбоева.

«Бу маҳаллага таксида келолмайсиз. Маҳалла манзилини эшитган такси ҳайдовчиси ёки рад қилади ёки икки-уч баробар кўп йўлкира сўрайди. Бундай расво йўлларда ким ҳам транспорт воситасини бошқаришни истайди?! Лойга ботиб қолиши, чуқурчага тушиб, бирор жойи бузилиб, ишдан чиқиши ҳеч гап эмас. Ҳатто тез ёрдам машинаси ҳам бу маҳаллага келмайди. Чунки, лойга ботиб қоладиган бўлса, чиқиб кетолмасликдан қўрқади. Тез ёрдам чақирсак, «асфальт йўлга чиқиб туринглар» дейишади. Касал билан лой ичидан 1 километр йўл босиб, асфальт йўлга чиқишимиз керак экан, акс ҳолда келмайди», - дейди шу маҳаллада яшовчи Дилбар Машарипова.



















