Ўзбекистон | 08:08 / 05.02.2019
8329
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди

Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бу Ўзбекистон Республикаси президентининг «Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ўз аксини топган.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Фанлар академияси, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда жорий йилнинг 1 майга қадар – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг 2019-2023 йилларга мўлжалланган концепцияси лойиҳасини киритишади. 

Концепция лойиҳасини ишлаб чиқишда қуйидаги масалаларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилади:

• Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комплекс ёндашув ва стратегик вазифалар;
• қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича илғор хорижий тажрибани ўрганиш;
• замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда, саноат ва экологик хавфсизликнинг юқори даражасини таъминлайдиган қайта тикланувчи энергия манбалари объектлари ҳамда тегишли инфратузилмани барпо этиш;
• Ўзбекистон Республикаси ва хорижий олий таълим муассасаларида мутахассислар тайёрлаш, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасидаги етакчи хорижий компанияларда уларнинг стажировкасини ташкил қилиш.

Бундан ташқари, юқорида номлари тилга олинган идораларга 2019 йилнинг 1 октябрига қадар Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳалари портфелини киритишни таъминлаш вазифаси ҳам юклатилмоқда.

Мавзуга оид