Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қайси давлатлар энергияни истеъмол қилганидан кўпроқ ишлаб чиқаради?
2024 йил якунлари бўйича Россия энергия ишлаб чиқариш ҳажми истеъмолдан энг кўп ошган давлат сифатида қайд этилди. Айни пайтда Хитой дунёдаги энг йирик энергия танқислигига эга мамлакат бўлиб қолмоқда.
АҚШ Энергетика ахбороти бошқармаси (EIA) маълумотлари асосида тайёрланган янги таҳлилда мамлакатларнинг энергия ишлаб чиқариши ва истеъмоли ўртасидаги фарқ таққосланди.
Тадқиқотда энергия баланси квадриллион британ иссиқлик бирликлари (BTU) орқали баҳоланган бўлиб, ишлаб чиқарилган умумий энергия ҳажмидан истеъмол қилинган энергия ҳажми айириб ҳисобланган. Мусбат кўрсаткич энергия профицитини, манфий кўрсаткич эса энергия танқислигини англатади.
2024 йилда Россия энергия ишлаб чиқариш бўйича энг юқори профицитга эришди. Мамлакат истеъмол қилганидан 26 квадриллион BTU кўпроқ энергия ишлаб чиқарган. Бу тахминан 7 620 триллион киловатт-соат энергияга тенг.
Мутахассислар бу ҳолатни Россиянинг нефт, табиий газ, кўмир ва атом энергетикаси соҳасидаги йирик ишлаб чиқарувчи экани билан изоҳламоқда. Мамлакатдаги энергия ишлаб чиқариш ҳажми ички эҳтиёждан анча юқори бўлиб қолмоқда.

Рейтингда иккинчи ўринни Саудия Арабистони эгаллади. Ушбу давлатда энергия профицити 15,1 квадриллион BTU'ни ташкил этган. Кейинги ўринларда Австралия ва Канада қайд этилган.
Аксинча, Хитой энг катта энергия танқислигига эга мамлакат сифатида кўрсатилди. Мамлакатда энергия истеъмоли ишлаб чиқаришдан 39,8 квадриллион BTU'га кўп бўлган. Бу 11 664 триллион киловатт-соатдан зиёд энергия ҳажмига тенг.
Экспертлар фикрича, Хитойнинг улкан саноат салоҳияти, аҳоли сонининг кўплиги ва иқтисодий фаоллик юқорилиги мамлакатда энергияга бўлган талабни кескин оширмоқда.
Энергия танқислиги бўйича иккинчи ўринда Ҳиндистон қайд этилган бўлса, Япония учинчи поғонани эгаллаган. Шунингдек, Жанубий Корея, Германия, Туркия, Италия ва Франция ҳам энергия импорт қилувчи йирик давлатлар қаторига кирган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мамлакатнинг энергия баланси нафақат табиий ресурсларга, балки саноат таркиби, технологиялар даражаси, аҳоли сони ва давлатнинг энергетика сиёсатига ҳам боғлиқ.
Шу сабабли табиий ресурсларга бой бўлиш ҳар доим ҳам энергия профицитини кафолатламайди. Мамлакатнинг энергия экспортчиси ёки импортчисига айланиши иқтисодий ривожланиш модели ва энергиядан фойдаланиш самарадорлиги билан ҳам белгиланади.
Мавзуга оид
08:18 / 16.06.2026
Инсоният энг кўп истеъмол қиладиган 8 та мева
18:57 / 15.06.2026
Япония Ўзбекистонда энергия самарадорлигини ошириш учун 230 млн доллар кредит ажратади
08:20 / 20.05.2026
Ўзбекистон сув истеъмоли юқори давлатлар рейтингига кирди
21:33 / 25.04.2026