Жаҳон | 11:09 / 05.02.2019
27265
3 дақиқада ўқилади

Ultima Thule – «ерёнғоқ» астероид

2019 йил кириб келиши билан, яъни 1 январь куни Тошкент вақти билан соат 10:33да NASA’нинг New Horizons сайёралараро космик аппарати Ultima Thule астероидига максимал масофада яқин келган ва илк бор ушбу ғайриоддий осмон жисмининг тасвирини Ерга узатганди.

Ultima Thule Қуёш тизимининг чекка қисмида – Койпер белбоғида жойлашган ғайриоддий объект бўлиб, шакли кўпроқ ерёнғоқни эслатади.

Ultima Thule астероидининг New Horizons томонидан олинган энг юқори аниқликдаги тасвири

NASA олимларига кўра, у ўлчами турлича бўлган иккита сферик шаклдаги осмон жисмлари Ultima (ўлчами тахминан 19 км) ва Thule (тахминан 14 км) ўзаро бирлашишидан ҳосил бўлган.

Ердан 6,4 млрд км масофада жойлашган ушбу ғайриоддий астреоид Ҳаббл космик телескопи ёрдамида 2014 йилнинг 24 июнь куни кашф қилинган ва 2014 MU69 номи билан рўйхатга олинган. 2018 йилнинг март ойида эса NASA томонидан интернет сўровнома ўтказилиб, унга Ultima Thule (маъноси: «Олам чеккаси») деб норасмий ном берилган.

Ҳозирча, Ultima Thule – инсон томонидан яратилган космик аппарат етиб борган Ердан энг узоқ масофадаги астероид ҳисобланади.

New Horizons зонди инсоният томонидан шу кунгача космосга учирилган космик аппаратларнинг энг тезкори бўлиб, у 2006 йил январда учирилган. Орадан 1 йил ўтгач, Юпитер яқинидан рекорд даражада яқин – 2.3 млн км масофадан учиб ўтган ва Ерга ушбу гигант сайёранинг атмосфераси ва магнитосфераси, ҳамда унинг табиий йўлдошлари ҳақидаги муҳим маълумотларни узатган. 2011 йил март ойида зонд Уран сайёраси орбитасини кесиб ўтган, 2015 йил эса Плутондан 12,5 минг км масофадан ўтган ҳолда Плутон ва Хароннинг илк тасвирларини олган.

Шундан сўнг, Койпер Белбоғи объектларини, хусусан Ultima Thule астероидини тадқиқ этиш мақсадида ундаги ускуналар бутлигини сақлаган ҳолда етиб бориш учун космик аппарат «уйқу режими»да ўз саёҳатини давом эттирган. 

Мавзуга оид