Жаҳон | 00:35 / 08.10.2024
3475
2 дақиқада ўқилади

ESA 2022 йилда йўналиши ўзгартирилган астероидга ўз миссиясини учирди

DART миссияси икки йил олдин Дидим астероидининг йўлдоши Диморф билан бошқарилувчан тўқнашувни амалга ошириб, унинг орбитасини ўзгартирган эди.

Фото: NASA

Флорида штатидаги Канаверал бурнидан астероид билан тўқнашув оқибатларини ўрганиш учун Hera космик миссияси учирилди. Германия томонидан яратилган космик зонд SpaceX компаниясига тегишли Falcon 9 ракетасида старт олди.

Икки йилга мўлжалланган миссия NASA томонидан амалга оширилган космик экспериментдан икки йил ўтиб бошланди. 2021 йилда учирилган DART миссияси 2022 йил сентябр охирларида Дидим астероидининг йўлдоши бўлган Диморф билан бошқарилувчан тўқнашувни амалга оширган.

Натижада, инсон томонидан космосни тадқиқ этиш тарихида илк бор осмон жисмининг орбитаси зондни тўқнаштириш орқали ўзгартирилган. NASA маълумотларига кўра, зонд билан тўқнашувга қадар Диморф ўзидан йирикроқ Дидим атрофида 11 соат 55 дақиқада айланиб турган. Тўқнашувдан кейин эса у 33 дақиқага қисқарган, яъни Диморф орбитасини Дидимникига яқинлаштиришга муваффақ бўлинган. NASA’дагиларнинг айтишича, DART зонди билан тўқнашувга қадар Диморф ҳамда Дидим астероидлари Ерга ҳеч қанақа хавф туғдирмаган ва ҳозирда ҳам улардан ҳеч қандай хатар йўқ.

Европа космик агентлигининг (ESA) Hera миссияси юқоридаги экспериментни ўрганишга йўналтирилган. Унинг мақсади келажакда Ерни астероидлардан ҳимоя қилишнинг самарали усулларини ишлаб чиқишга қаратилган. 

Бремендаги OHB компанияси томонидан қурилган космик аппарат 2025 йилда Марс ёнидан учиб ўтиши, 2026 йилда эса Дидим ва Диморф астероидларига яқинлашиши керак. Унинг ёрдамида астероиднинг шакли зарбадан кейин қандай ўзгаргани ўрганилади. Зонд 12 та ўлчовчи қурилмалар ва турли камералар билан жиҳозланган.

Hera миссиясидан бир неча йил ўтиб, Ramses космик зондини ҳам учириш режа қилинмоқда. У 2029 йил 13 апрелда Ердан 32 минг километр узоқликдан учиб ўтадиган, диаметри 375 метрга етадиган Апофис астероидини тадқиқ этади.

Мавзуга оид