Жаҳон | 16:12 / 06.02.2019
48822
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистон парламентида яна Ўзбекистонга сув сотиш масаласи кўтарилди

Токтогул сув омбори

Қирғизистон парламенти сув ресурсларидан фойдаланганлик учун Ўзбекистон ва Қозоғистонга нисбатан тўлов принципини жорий этиш масаласини кўтариб чиқди.

Қирғизистон парламенти «Қирғизистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини (Сув кодекси, «Сув тўғрисида»ги қонун) иккинчи ўқишда кўриб чиқмоқда. Унинг асосий мақсади сув ресурслари ва сув объектларидан фойдаланганлик учун тўлов принципини жорий қилишдир. Муҳокамалар чоғида айрим депутатлар Ўзбекистон ва Қозоғистондан сув учун пул олишни талаб қилиш таклифи билан чиқишди.

- Қирғизистон сув омборларидан ҳар йили тахминан 22 миллиард куб метр сув Ўзбекистон ва Қозоғистонга етиб боради. Яъни, сувнинг 80 фоизидан кўпроғи қўшниларга берилмоқда. Яқинда Токтогул сув омборини таъмирлаш учун 450 миллион доллар ажратиш масаласини кўриб чиқдик. Нима учун ҳукуматимиз қўшнилардан тўғон учун пул тўлашни сўрамаяпти? - дея таъкидлаб ўтди депутат Умбетали Қидиралиев.

Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазирининг ўринбосари Жанибек Керималиев маълум қилишича, агар парламент Сув кодекси ва Сув тўғрисидаги қонунга ўзгартишларни маъқулласа, унда бу қўшни мамлакатлардан тўлов талаб қилишга имкон яратади.

Керималиевнинг сўзларига кўра, Қозоғистон аввал сувдан фойдаланганлик учун 75 миллион тенге (197 474 доллар) тўлаган, ҳозир эса 119 миллион тенге (тахминан 313 326 доллар) тўлаяпти.

Молия вазири ўринбосари Улуғбек Каримшаковнинг айтишича, қўшни давлатлар ҳозирда сув учун эмас, балки сув омборини таъмирлаш учун тўлашмоқда.

Бундан аввал, 2000-йилларда парламент аъзоси бўлган ва Қирғизистонни 24 йил давомида, 1961 йилдан 1985 йилгача бошқарган Турдакун Усубалиев ҳам қўшни мамлакатлардан сув учун тўлов жорий этиш тўғрисидаги масалани кўтарганди.

Бироқ, ўша пайтда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов сув трансмиллий мулк эканини таъкидлаган ва бунга қатъий қарши чиққан.

Сувдан фойдаланиш шартларини тартибга солиш муаммоси 2007-2008 йилларда қўшни мамлакатлар иштирокида кўтарилган бўлса-да, бу масала Қирғизистон фойдасига ҳал қилинмаган, дейилади хабарда.

Қирғизистоннинг «Сув тўғрисида ва Қирғизистон Республикасининг «Сув ҳақида»ги кодекси» қонунига таклиф этилган тузатишлар сувдан фойдаланганлик учун тўлов мажбурий бўлишини назарда тутади. 

Мавзуга оид