Жаҳон | 19:04 / 08.02.2019
49897
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонлик депутат: Ўзбекистонга ташрифи чоғида Путин 800та келишувни имзолади. Сизлар ҳукуматда нима қиляпсиз?

Фото: kenesh.kg

Бугун, 8 февраль куни Қирғизистон Социал-демократик партияси парламент фракциясининг йиғилишида Али Карашев Ўзбекистонга қилган сафари чоғида Россия президенти 800та келишувни имзолагани ҳақида маълум қилди, деб хабар бермоқда Gezitter.

Шунингдек, халқ вакилининг таъкидлашича, «агар Қирғизистон ҳукумати шундай ўтиришда давом этса», ҳеч қандай натижа бўлмайди.

«Ўзбекистонга ташрифи чоғида Россия президенти Владимир Путин 27 миллиард долларлик 800та битимни имзолади. Қирғизистонга сафари олдидан ярим ой вақт қолди. Ҳукумат бу вақтда қандай ҳаракатларни амалга оширмоқда? Сизда тайёр лойиҳалар борми?» - дея қизиққан Карашев.

«Ҳа, март ойининг охирида Россия президентининг Қирғизистонга ташрифи кутилмоқда. Унинг иштирокида йиғилиш бўлиб ўтади, унда 15 минтақа раҳбарлари ва 500га яқин бизнес-сектор вакиллари иштирок этади. Шунингдек, бир нечта завод қурилиши бўйича музокаралар ҳам ўтказилади», - дея жавоб қайтарган Қирғизистоннинг Инвестицияларни илгари суриш ва ҳимоя қилиш агентлиги директори Шунқорбек Одилбек ўғли.

Депутат ушбу жавобдан қониқмаган.

«Ҳукуматда нима қиляпсиз? Сизда тайёр лойиҳалар бўлиши керак, ишлаш даркор. Нима қилаётганингизни тушунмаяпман. 30 йил олдин айтилган сўзларни такрорлаяпсиз. Бундай суръатлар билан ҳеч қандай натижа бўлмайди», - деди Карашев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон парламентида яна Ўзбекистонга сув сотиш масаласи кўтарилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид