Таиланд маликаси бош вазир бўлмоқчи. Қирол ва ҳарбийлар унга нега қарши?
Таиланд қироли Маха Вачиралонгкорн ўз опаси, малика Убол Ратана бош вазирлик учун кураш бошлаганини кескин қоралаб чиқди.
У қироллик хонадони вакили сиёсий сайловларда иштирок этиши миллий анъаналарга тўғри келмаслигини айтмоқда.
Айни вақтда 67 ёшда бўлган малика ўз номзодини мухолифатдаги «Тхаи Ракса Чат» партияси («Тай ватанпарварлари партияси») номидан қўйган. Бу партия собиқ бош вазир, 2001-2006 йилларда давлатни бошқарган, 2006 йилнинг сентябрида ҳарбий давлат тўнтариши туфайли сиёсий ҳаётдан четлаштирилган Таксин Чиннават билан алоқадор ҳисобланади. Таксин Чиннават ҳозиргача қувғинда яшайди, 2017 йилда Форбс Чиннаватни Таиланднинг энг бадавлат кишилари рўйхатида 7-ўринга қўйганди (1,7 миллиард доллар).
Маликанинг қарори Таиланд қироллик оиласи анъаналарига зид боришдир, қироллик хонадони ҳамиша сиёсатдан узоқда бўлишган.
Таиландда парламент сайловлари 24 март кунига белгиланган. Жаҳон ҳамжамияти бу сайловга алоҳида эътибор қаратмоқда, бу сайлов натижаларига кўра Таиланд 5 йиллик ҳарбий бошқарувдан кейин яна демократия йўлига қайтиши мумкин.
Малика Убол Ратана ким ўзи?
Убол Ратана 1951 йилда туғилган, у марҳум қирол Пхумипон Адульядет ва қиролича Сирикитнинг тўнғич фарзанди. У 1972 йилда ўз унвонидан воз кечган ва америкалик Питер Лэдд Женсенга турмушга чиққан. У 1998 йилда турмушидан ажрашган ва 2001 йилда фарзандлари билан ватанига ҳамда қироллик оиласига қайтган.
Малика ижтимоий тармоқларда фаол бўлиб, Америкадан қайтгач бир неча маҳаллий фильмларда ҳам суратга тушган.
Убол Ратана уч нафар фарзанд кўрган, аммо ўғилларидан бири Хун Бхуми 2004 йили Ҳинд океанида рўй берган цунами вақтида ҳалок бўлган. У 1983 йилда туғилган, унда аутизм хасталиги аниқланганди.
Маликанинг рақиби
Қиролликнинг амалдаги бош вазири Прают Чан-Оча ҳам кейинги сайловларда қатнашишини маълум қилган.
Прают Чан-Оча Таиланд Қироллик армияси қўмондони бўлган вақтида, 2014 йили ҳарбий давлат тўнтариши оқибатида ҳукумат тепасига келганди. У «Пхаланг Прачарат» партиясидан ўз номзодини илгари сурган.
Таиландда Қироллик оиласи катта ҳурматга эга ва ҳеч қачон танқид қилинмайди. Шу туфайли, сайловда яна кимдир иштирок этишга, қироллик хонадони вакилига рақиблик қилишга журъат этишига шубҳа билан қарамоқда.
Бу сайлов Таиланд сиёсий ҳаёти учун нимани англатади?
Сайловлар шу йилнинг мартига белгиланган. Бу сайлов 2014 йилги давлат тўнтаришидан кейинги илк демократик сайлов бўлади. Ўшанда давлат тўнтаришидан бир неча ҳафта олдин Таксин Чиннаватнинг синглиси Йинглак Чиннават (2011-2014)ҳокимиятдан четлатилганди.
Ҳозирда Йинглик акаси каби сургунда яшайди, аммо улар ҳамон Таиланд сиёсий ҳаётида муҳим шахслар ҳисобланишади. Таиландликлар орасида уларни қўллаб-қувватлайдиган миллионлаб кишилар топилади.
2017 йилнинг сентябрида Таиланд Олий суди собиқ бош вазир Йинглак Чиннаватни вазифасига совуққонлик қилиш ҳамда коррупцияда айблаб, сиртдан 5 йиллик қамоққа маҳкум қилганди.
Чиннаватнинг ўзи барча айбловларни рад этади. У суд ҳукми чиқарилишидан бироз олдинроқ мамлакатни тарк этган.
Олдиндаги сайловлар Чиннават оиласи ва ҳарбийлар ўртасидаги кураш сифатида баҳоланмоқда.
2016 йилда Таиланд фуқаролари овоз бериш чоғида мамлакатнинг янги Конституциясини қўллаб-қувватлашганди. Ҳарбийлар томонидан таклиф қилинган бу ўзгаришлар уларнинг ҳокимиятини мустаҳкамлаш ҳамда Чиннаватлар оиласи иттифоқчилари кейинги сайловларда ғалаба қозона олмаслигини таъминлашга қаратилган.
Аммо маликанинг қарори ҳарбийларнинг қўлидаги карталарни аралаштириб юбориши, уларнинг режаларини бузиши мумкин.
Маълумот учун, Таиландда ҳарбийлар сиёсий ҳаётга аралашуви жуда кўп бор кузатилган, улар 1932 йилда мутлақ монархия бекор қилиниб, биринчи конституция қабул қилинганидан буён 12 марта ҳокимиятни қўлга олган.
Охирги хабарларга кўра, «Тхаи Ракса Чат» партияси қиролнинг баёнотидан кейин маликанинг номзодини қайтариб олиши ҳам мумкин. Партиядагилар қиролнинг амрига бўйсунишларини айтишмоқда.
Айни вақтда ҳарбийлар «Тхаи Ракса Чат» партиясини тарқатиб юборишни ҳам талаб қилишмоқда. Айрим манбаларга кўра эса, қирол ўз опаси сайловда қатнашишига рухсат берган. Манбанинг сўзларига кўра, ёки тушунмовчилик юзага келган, ёки қирол ўз фикрини ўзгартирган.
Убол Ратана эса ўз қарорида қатъийлигини таъкидламоқда. У Инстаграмдаги саҳифасида барча унвонларидан воз кечгани ва энди оддий фуқаро сифатида сайловда қатнашмоқчилигини билдирган.
У Таиланд халқи фаровонлигига эришиш учун барча имконларни ишга солишини айтган.
Мавзуга оид
23:19 / 01.10.2024
Таиландда 40 га яқин ўқувчи ва ўқитувчиларни олиб кетаётган автобус ёниб кетди. Камида 20 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда
21:12 / 29.09.2024
Таиланд ҳукумати иқтисодиётни рағбатлантириш учун фуқароларга 300 доллардан тарқатишни бошлади
01:00 / 29.09.2024
Таиландда фермер девор қулаши хавфи сабаб 100 дан ортиқ тимсоҳини ўлдиришга мажбур бўлди
13:20 / 27.09.2024