Жамият | 21:54 / 12.02.2019
5543
6 дақиқада ўқилади

Ёшлар жиноятчилиги ўтган йилга нисбатан 48,8 фоизга камайди

Тилни ножўя ишлатиш ҳалокатга, қўлни ножўя ишлатиш эса жиноятга йўлиқтиради. Биз учун ҳаёт-мaмот масаласи саналган бола тарбиясида сергаклик, оқиллик ва одилоналик муҳим ўрин тутади. Бир қарашда майда-чуйдадек кўринган кичик камчиликлар вақти келиб катта муаммоларни келтириб чиқариши турган гап. Тарбия билан боғлиқ ҳар қандай муаммонинг тубида лоқайдлик, бефарқлик ва масъулиятсизлик ётади. Ота-оналар вақт бемаҳал бекорчиликдан кўча-кўйда мақсадсиз юрган фарзанди билан қизиқмаса, унга меҳр бермаса, эътибор қаратмаса,  бундай ёшларнинг тақдири не кечади? Ахир фарзанд тарбиянинг асосини ота-онасидан олади-ку! “Унинг уйдан чиқиб кетаётганини ота-онаси кўрмадимикан?!” деган савол туғилади беихтиёр. 

Кун сари кенгайиб бораётган интернет-кафеларда ўсмир ёшларнинг нима билан машғуллиги нафақат ота-онани, балки бутун жамиятни сергаклантириши лозим. Чунки, уларнинг ўйнаётган ўйинлари ваҳшийлик, шафқатсизлик ва жангариликни тарғиб қилмоқда. Тунги клубларда ҳам навқирон йигит-қизларимизнинг телбанамо рақслари, гиёҳвандлик, ичкилик таъсиридаги ўзаро баҳс ҳамда тортишувлари турли жиноят ва ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқармоқда. 

Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни камайтириш, вояга етмаганлар орасида маъмурий ва майда безориликларни барвақт олдини олиш, ҳарбий хизматдан қайтган ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ҳар ойнинг охирги 10 кунлигида ҳудудларда “Барчаси ўз қўлингда” шиори остида тарғибот декадаси ўтказилмоқда. Мазкур декадага Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия масъул ходимлари, туман (шаҳар)лардан шакллантирилган 1 750 нафар тарғиботчи ёшлар ҳамда 7  600 нафар кўнгилли ёшлардан иборат “Фидокор ёшлар” патруль гуруҳлари иштирокида 197 маротаба тунги рейд ўтказилди. 87 та таълим муассасасида “Ўқувчи”, “Тиғ” профилактик тадбирлари ташкил этилиб, 780 нафар вояга етмаган ва уларнинг ота-оналари билан тушунтириш ишлари олиб борилди. 120 нафар ёш таълимга қайтарилиб, 34 нафар фарзандларининг таълим олишига тўсқинлик қилган ота-оналарга маъмурий баённомалар тузилди.

Тарғибот декадаси доирасида тарбияси оғир ва жиноят содир этишга мойил бўлган 93 нафарга яқин ёшлар билан якка тартибда суҳбатлар уюштирилиб, улар  тиббий кўрикдан ўтказилди.

Маҳаллалардаги 530 нафар жиноят содир этишга мойил бўлган ва тарбияси оғир ёшлар иштирокида жойларда 156 маротаба “street sport”, “workout” спорт мусобақалари ўтказилди, ҳудудлардаги 92 та ҳарбий қисмларда ҳарбий аскарлар билан учрашувлари ташкил этилди.

Шунингдек, декада доирасида ёшларнинг ҳуқуқий, сиёсий саводхонлигини юксалтириш мақсадида ҳудудлардаги ёшлар марказлари, таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, корхона, ташкилотлардаги 29  минг 710 нафар ёшларни жалб этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти бўйича 603 марта тарғибот тадбирлари ташкил этилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида 2019 йилнинг январь ойи ҳолатига кўра ёшлар жиноятчилиги 429 марта кузатилган бўлиб, ўтган йилга нисбатан 48,8 фоизга (2018 йилда 838 та) камайган. Вояга етмаганлар томонидан эса жорий йилнинг январь ойи давомида жами 28 та жиноят содир этилган бўлиб, ўтган йилга нисбатан 20 фоизга камайган (2018 йилда 35 та). 

“Мазкур декада доирасида ўтказилаётган лойиҳалар ёшларнинг, айниқса тарбияси оғир ва жиноят содир этишга мойиллиги бўлган ёшларга мўлжалланган лойиҳалар бўлиб, ҳар бир декада якуни бўйича олиб борилган ишларнинг натижадорлиги, самарадорлиги таҳлил этиб бориляпти. Шунингдек, ҳар бир мавсумга қараб, ошган жиноятчиликнинг турларига қараб декадалардаги лойиҳалар ўзгартириб борилади. Бу орқали жойларда жиноятчиликни кескин камайтириш чоралари кўрилади”, –  дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бўлим мудири Акмал Алимов.

Бундан ташқари, жазони ижро этиш муассасаларидаги жазо муддатини ўтаётган ёшлар билан ишлаш, уларни соғлом ҳаётга етаклаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жазони ижро этиш муассасаларидаги жазо муддатини ўтаётган ёшлар учун фан, касб-ҳунар ва спорт тўгаракларини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги Республика ёшлар маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси билан қўшма қарор ишлаб чиқилди. Натижада жазони ижро этиш муассасаларида 8 йўналишда тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди.

Жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб 26 турдаги фан, касб-ҳунар, спорт ва чет тиллари бўйича тўгараклар ўтишни бошлаш ҳамда шу орқали йил давомида 2 минг нафарга яқин жазо муддатини ўтаётган ёшларни қамраб олиш режалаштирилди. 

Февраль ойининг тарғибот декадаси Хоразм вилоятининг Боғот, Ҳазорасп туманлари ва Урганч шаҳрида бошланди. Январь ойи давомида декада сабаб 22 нафар вояга етмаган ёш Ички ишлар бошқармаси профилактик назоратидан чиқарилган эди. Бу галги декадада ёшларнинг тунги вақтда кўнгилочар жойларда бўлишини олдини олиш, дарс вақтида ўқувчиларнинг бесабаб дарс қолдирмасликлари учун “Ўқувчи”, “Давомат” ва “Тиғ” рейдларини ўтказиш кўзда тутилган.  Воҳанинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам тунги рейдлар давом этади...

Шаҳноза Нуруллаева

Мавзуга оид