NASA Opportunity марсоходи билан батамом “хайрлашди”
NASA мутахассислари Opportunity марсоходини “жонлантириш” бўйича уринишларини тўхтатишди. У билан охирги алоқа 2018 йил 10 июнда бўлиб ўтганди. Қурилманинг миссияси расман тугатилди. Марсоход Қизил сайёра сирти бўйлаб 45 км босиб ўтган.
90 кун хизмат қилиши керак бўлган қурилма бу муддатдан 60 карра кўпроқ ишлаб, Марс сирти бўйлаб белгиланган минг метр ўрнига 45 км йўл босиб ўтган.
Марсоход Марсда кучли чанг бўрони вақтида Ер билан алоқага чиқмай қўйган. Шундан кейин қурилма билан алоқа ўрнатишга уринишлар бесамар кетган.
Оppotunity қурилмаси Mars Exploration Rover лойиҳаси доирасида учирилган иккинчи марсоход бўлган. У Қизил сайёра сиртига лойиҳанинг илк қурилмаси Spirit туширилгандан 3 ҳафта ўтиб, 2004 йил 25 январда туширилган.
Opportunity фаолияти давомида сайёрамизга 217 минг сурат юборган. Унинг асосий ютуқлари сувда ҳосил бўлувчи минералларни аниқлагани ва ўтмишда сайёрада сув бўлганининг бошқа исботларини топгани бўлган.
2005 йилда қурилманинг олд ғилдиракларидан бирида рул бошқаруви бузилиб қолган. 2 йилдан кейин эса 2 ой давом этган чанг бўрони марсоходнинг кейинги фаолиятини хавф остига қўйган. 2015 йилда қурилма 256 мегабайтли флешкасини йўқотиб қўйган, 2017 йилда эса бошқа ғилдирагидаги рул бошқаруви ишдан чиққан.
“Марсоход бирор муаммога дуч келганда Opportunity’нинг Ердаги жамоаси қурилманинг тадқиқотларни давом эттиришига имкон берган ечимни топиб, уни амалга оширган. Бироқ 2018 йил ёзида Марсда шаклланган катта кўламли чанг бўрони Марснинг тарихдаги энг кекса тадқиқотчиси учун жуда катталик қилди”, дейилган NASA баёнотида.
2012 йил 6 августда Марсга 3-авлоддаги Curiosity қурилмаси туширилган, у ҳанузгача сайёрада тадқиқот олиб бормоқда.
Мавзуга оид
20:08 / 10.11.2024
Хитойга тегишли марсоход Марсда қадимий океан изларини топди
10:56 / 07.11.2024
Помидордан қулупнайгача. Марсда яшай оладиган 8 та ўсимлик маълум қилинди
10:30 / 09.10.2024
Хитойлик олимлар Марс атмосферасидан энергия ишлаб чиқарадиган батареяни яратди
22:47 / 25.09.2024