Спорт | 09:42 / 14.02.2019
11484
4 дақиқада ўқилади

Рамос атайин сариқ карточка олганини тан олиб, сўнг буни инкор этди

«Реал» сардори Серхио Рамос «Аякс»га қарши кечган ЕЧЛ 1/8 финали дастлабки учрашувида сариқ карточка олди.

32 ёшли испан 89-дақиқада рақиб ҳужумчиси Каспер Дольбергга нисбатан фол ишлатгани учун огоҳлантирилди. Бу билан у ЕЧЛнинг бу мавсумида учинчи марта сариқ карточка олди ва энди 5 март куни Мадридда ўтадиган жавоб учрашувини ўтказиб юборади.

Ўйиндан сўнг Рамос атайлаб сариқ карточка ишлаб олганини тан олди, аммо кейинроқ Twitter саҳифасида буни инкор этди.

«Натижага қараб туриб, буни атайлаб қилмадим, деб айтсам ёлғон бўларди. Бу рақибга паст назар билан қараш эмас, шу билан бирга ғалабали сериямиз тугаши ҳақида ҳам ўйламадим. Аммо футболда оғир қарорлар қабул қилишга тўғри келади», – дея тушунтирган Рамоснинг сўзларини келтирди Goal.

Аммо ҳимоячи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида бу сўзларини инкор этиб чиқди.

«Шуни аниқлаштиришни истардимки, дисквалификация мени ҳаммадан кўпроқ ранжитади. «Рома» билан кечган ЕЧЛдаги олдинги ўйинимиздаги каби, бугунги карточкани ҳам атайин олганим йўқ.

Энди «Реал»ни мухлислар каби трибунадан туриб, чорак финални тасаввур қилганча қўллаб-қувватлайман», – деб ёзди Рамос.

Маълумот учун, 2010 йил ноябрида ЕЧЛ доирасидаги «Аякс» билан ўйинда (4:0) Рамос ва Хаби Алонсо икки марта сариқ карточка олиб, майдонни тарк этишганди. УЕФА бу икки футболчи «Реал»нинг ўша вақтдаги бош мураббийи Жозе Моуриньонинг қистови билан атайин карточка ишлаб олишгани юзасидан текширув ўтказиб, Моуриньога икки ўйинни захира ўриндиғида кузатиш тақиқи қўйилган, Рамос ва Алонсо эса жарима тўлашганди.

Умуман, Серхио Рамос ЕЧЛ тарихида энг кўп марта (38та) сариқ карточка олган футболчи саналади.

Таъкидлаш керак, Амстердамдаги кечаги учрашув «Реал» сардори учун «қаймоқранглилар» сафидаги 600-ўйин бўлди.

Мавзуга оид